Нотариуслар иштирокида семинар ўтказилди

Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларининг судьялари, вилоят Нотариал палатасининг вакиллари ҳамда нотариуслар иштирокида “меросни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўтган йилларга нисбатан охирги 2 йил ичида вилоятимизда судлар томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг сони бирмунча камайган бўлсада, лекин бугунги кунда ҳам бундай салбий ҳолатлар учраб турибди. Бунинг оқибатида фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиб, улар ўз бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун судларга мурожаат қилиб, ўзларининг кўп вақтларини ва маблағларини сарфлашга мажбур бўлмоқдалар.

Жумладан, 2021 йилда судлар томонидан  судлар томонидан 13 та ҳолатда нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган. 2022 йилнинг  ҳозирги кунида қадар 6 та ҳолатда нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг талабларига кўра, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу модда қоидалари васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади. Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар.

Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар ФКнинг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

ФКнинг 1136 –– 1138-моддаларида кўрсатилган қонун бўйича меросхўрлар жумласига мансуб бўлган, бироқ ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари доирасига кирмайдиган меҳнатга қобилиятсиз шахслар, мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар, агар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида турган бўлсалар, ана шу ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Юқорида қайд этилган нотариал ҳаракатларнинг бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилишига нотариуслар томонидан мерос гувоҳномаларини берилишида барча меросхўрларни доирасини тўлиқ аниқламаганликлари, айрим м.ф.й. лар томонидан вафот этган шахснинг барча меросхўрлари ҳақида нотўғри маълумотлар берилганлиги, кадастр хизматлари томонидан мерос қолган уй-жойнинг сатҳи, унинг жойлашуви, ундаги қурилган қурилмалар ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар берилмаганлиги сабаб бўлган.

Семинарда судьялар ва нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Зеро, Бизнинг асосий мақсадимиз келгусида юқорида қайд этилган камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўришдан иборатдир.

Наманган вилоят судининг судьяси                                                       Алишер Қўчқоров