Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари: уларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистонда вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асосини мазкур соҳага оид халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик ва давлат қўмиталарининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ташкил этади.
Болалар ҳуқуқбузарликларининг олдини олишни тартибга солувчи халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига доир асосий халқаро ҳужжатлар билан бир қаторда, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция (1989 йил 20 ноябрь), Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияга Қуролли можароларда иштирок этувчи болалар тўғрисидаги факультатив Протокол (2000 йил 25 май), Болалар савдоси, бола фоҳишабозлиги ва бола порнографиясига қарши бола ҳуқуқлари бўйича Конвенцияга қўшимча Протокол (2000 йил 25 май), БМТнинг Озодликдан маҳрум этилган балоғатга етмаган болаларни ҳимоя қилишга доир Қоидалари (1986 йил 21 май) ва бошқа ҳужжатларни киритиш мумкин. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг аксарияти Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ҳамда миллий қонунчилигимизни шакллантиришда улардаги асосий тамойил ва қоидалардан фойдаланилган.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ҳамда улар томонидан содир этилган маъмурий ва жиноий ишларни кўриб чиқиш тартибини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларини киритиш мумкин. Жумладан, ЖКнинг айрим моддаларида жиноятнинг айнан вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилгани оғирлаштирувчи ҳолат сифатида кўрсатилган бўлса (110-модданинг 2-қисми «а» банди, 113-модданинг 3-қисми «б» банди, 137-модданинг 2-қисми «а» банди, 245-модданинг 2-қисми «а» банди), муайян моддаларда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланган (122-модда — вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, 127-модда — вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш).
Жиноят кодексида «Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари» деб номланган алоҳида бўлим бўлиб, унда вояга етмаганларга нисбатан қўлланадиган жазолар тизими (81 – 85-моддалар) ва уларни тайинлаш (86-модда), жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш тартиби (87 – 90-моддалар) белгилаб берилган. Жиноят процессуал кодексида вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш тартиби (121-, 253-, 547 – 564-моддалар) аниқ кўрсатиб ўтилган.
Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш билан шуғулланувчи субъектлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги, «Таълим тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунлари, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш субъектларини ислоҳ этишга доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, шунингдек, уларнинг ижросини таъминлашга оид идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш мумкин.
Прокуратура вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш асосий вазифаларидан бири бўлган давлат органи саналади. Прокуратура органлари тизимида вояга етмаганлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, бола ҳуқуқлари, вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ва профилактика қилишга доир қонунларнинг ижросини назорат қилиш бўйича махсус тузилмалар фаолияти йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни фуқароларнинг, шу жумладан, болаларнинг таълим олиш соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир.
«Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ давлат ёшлар ва болалар ташкилотларига моддий ва маънавий мадад беради, уларга нисбатан имтиёзли солиқ сиёсати ўтказилишини таъминлайди. Болалар ташкилотларига, мактаб, мактабдан ташқари муассасалар биноларидан, клублардан, маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлардан бепул ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш ҳуқуқини беради (5-модда).
Бугунги кунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳоли тураржойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни ташкил этувчи марказий субъектлардан ҳисобланади. Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини кенгаши: икки ёшга тўлмаган болалари бор ишламайдиган оналарга нафақаларни шу мақсадда ажратилган давлат бюджети маблағларидан белгиланган тартибда тайинлайди ва тўлайди; тегишли ҳудудда жамоат тартибини таъминлашда, жумладан, фуқароларнинг келиши ва кетишини ҳисобга олишни ташкил этишда, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишида, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашади; илгари судланган ҳамда ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бошқа шахсларга тарбиявий таъсир ўтказиш учун фахрийлардан, хотин-қизлар ва ёшлар, маданият ва дин вакилларидан иборат комиссиялар тузади.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида фаолият кўрсатувчи вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияларнинг аҳамияти катта. Уларнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 21 сентябрдаги «Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида»ги қарори билан тартибга солинади.
Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юқоридаги таҳлили ушбу фаолиятни ҳуқуқий таъминлаш соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигини кўрсатади. Биринчидан, бугунги кунда бу борадаги айрим қонунлар, айниқса, қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан Конституция нормалари ўртасида зиддиятлар мавжуд; иккинчидан, бу борадаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари ўртасида ўзаро қарама-қаршилик мавжуд; учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда айрим қоидалар такрорланиши кузатилади; тўртинчидан, айрим қонун ости норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар умумий қоидалар, профилактика субъектларининг вазифалари ва функцияларини белгилаш билан чекланилган, уларни жорий этишга доир нормалар эса йўқ. Бундан ташқари, амалиётда вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса, қонун ости ҳужжатларининг ҳаммасидан ҳам ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширишда иштирок этувчи субъектларнинг фойдаланиши чегараланган, уларнинг ўзаро ҳамкорлик шакллари ва механизмини тартибга солувчи алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат эса мавжуд эмас.
Вилоят судининг судьяси: Б.Бабамирзаева