Ўрганган кўнгил…

Барчамиз болалигимиздан биладиган бир ҳикоят бор. Қўшнининг уйидан тухум ўғирлаб чиққан болани қўлидагини олган онаси уни эркалаб ўпиб қўяди. Аслида қўллаб-қувватламаган, лекин жиддий чора ҳам кўрмаган. Орадан вақт ўтиб тухум иккитага кўпайган. Кейин яна каттароқ нарса тарбияни тепкилаб хўжаликка кириб келади. Бора-бора қусур илдиз олиб, одат, кўникмага айланади. Шу қадарки, бола ўрганган “ҳунар”исиз туролмайдиган бўлади. Бу нопок йўл уни дор тагига олиб келганда унинг кўзи очилади ва сўнгги тилак сифатида онаси билан кўришади. Фарзандининг афтода ҳолидан бўзлаб турган онаизор боласи томонидан қаттиқ жазоланади.

Ҳаётий кузатувлар ўғирлик иллатини бирдан пайдо бўлмаслигини исботлайди. Оиладаги муҳит, тарбия уни шакллантиради. Беписандлик, лоқайдлик ривож топтиради. Охир-оқибат…

Наманган вилоятидаги ўғирлик жинояти айни куч-қувватга тўлган, катталаримиз таъбири билан айтганда, “тоғни талқон қиладиган” йигит томонидан содир этилди. 23 ёшли Сафаев Умар (исм шарифлар шартли) аввал ҳам ўғирлик қилиб судланган. Ўшанда унга пушаймонлиги, оилавий шароити, ёшлиги, муқаддам судланмаганлиги каби бир қатор асослар билан ишонч билдирилиб, тўғри йўлга ўтиб олиши учун имкон берилган эди. Суд 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаганди. Аммо орадан 4 ойгина муддат ўтиб Умар яна жиноятга қўл урди. Қизиғи шундаки, у ўғирлик жиноятини фирибгарлик билан ҳам амалга оширар, гоҳ алдов, гоҳ яширин тарзда кишиларни қақшатиб, мулкини талон-торож қиларди.

Наманган шаҳридаги “MEN-55” савдо мажмуасига ғараз ният билан кирган У. Сафаев 420.000 сўмлик эркаклар спорт кийими, 380.000 сўмлик “Nike” номли эркаклар спорт оёқ кийимини олиб сотувчининг олдига келади. Гўё шеригини кутаётган киши бўлиб бетоқатланиб ташқари чиқиб келаверади ва охири сотувчига юзланиб, “Шеригим сартарошга кирганди, навбатда туриб қолди чоғи, шундай шуни кўрсатиб келай , майлими?..”, – дея ишончига киради. Дўкон сафида салгина нарида бўлган сартарошхонадан зумда чиқар деган хаёлдами ёки ўта ишониб кетгани учунми сотувчи рухсат бериб юборади ва моллар ҳам, “харидор” ҳам изсиз йўқолади.

Ўз қилмишини фош бўлмаслигига ишонганиданми ёинки, қилаётган иши, келаётган текин даромад завқ берганми, Умар жиноий йўлида давом этади. У шаҳардаги 15-сонли мактабда қоровул бўлиб ишловчи Шокир Усаровга, нуфузли жойда ишлаши, уни тузукроқ ишга жойлаб қўйиши мумкинлигини айтиб бир-икки суҳбатлар қилиб боради. Бунинг учун унинг паспорти лозимлигини айтиб ишончига киради ва Ш. Усаровга тегишли паспортни олиб, унинг 4.000.000 сўм қийматга эга бўлган “ASUS” номли ноутбугини киноларни кўчириб олиш баҳонасида олиб изсиз йўқолади.

Йўлида давом этган У. Сафаев “ЮРА” савдо дўконига бориб сотувчининг ишончига кириб, фуқаро Ш.Усаровга тегишли бўлган паспортни ўзиники деб бериб (шу қадар ишонишганки, паспортни очиб кўришмаган) 475.000 сўмлик кийим-кечакларни олиб чиқиб кетган.

Бундан ташқари Умар бир неча кишини қимматбаҳо қўл телефонларини гаплашиб олиш учун олиб, фирибгарлик билан қўлга киритиб олиб қочиб кетиб талон-торож қилиб юборган.

Шунингдек, у хусусий дўконлардан бирига ғайритабиий равишда кириб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, у ерда бўлган 3.500.000 сўмлик музлатгич, 22.000.000 сўмлик музқаймоқ тайёрлаш аппаратини олиб чиқиб кетган.

У. Сафаевнинг кирдикорлари булар билан тугамаган. Наманган шаҳридаги “Камаро” ҳамда “Азизи” маҳаллаларидаги компьютер ўйинлари мажмуасига кириб 5.580.000 сўмлик бўлган “Play station -4” ўйин мосламаларини (2дона) барча комплектлари билан ғайритабиий равишда олиб чиқиб кетган.

Тўғри йўлдан тойилиб ўзини етук шахс, комил инсон эканлигини унутган У. Сафаевнинг кирдикорларига барҳам берилди. Албатта-да, қай бир жиноят изсиз кетибди-ки, бу ўзгаларнинг мол-мулки ҳисобига кун кўриб, текин даромад топиб юраверса. Қолаверса ўзганинг ҳаққи асло ош бўлмаслиги ҳам бор гап.

Суд бу гал У. Сафаевга жиддий жазо тури белгилади. Унинг қилмишларини адолат тарозисига солиб, 6 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилишга ҳукм ўқилди.

Хулоса ҳар бир шахснинг ўзида. Жамият аъзолари сафига битта илми комил, маънан, руҳан ва жисмонан етук шахсни қўшиш ҳар биримиз учун ҳам эзгу мақсад, шундай эмасми?..

Шу мақсадимиз ривожи йўлида нафақат ўзимиз, атрофимиздагилар тақдирига ҳам беписанд бўлишдан сақланайлик. Зотан, юртнинг ҳар бир фарзанди – бизнинг фарзандимиз.

Жамшидбек Маъмуров,

Наманган вилоят суди судьяси