Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – конституциявий мажбуриятдир
Президентимизнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон аҳолисига мурожаатномасини диққат билан кузатдик. Узоқ йиллардан буён суд-ҳуқуқ соҳасида фаолият олиб бораётганим учун мазкур ҳужжатдаги суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш юзасидан давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар катта қизиқиш уйғотди.
Албатта, охирги олти йил ичида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш, судлар мустақиллигига эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида кўп ишлар амалга оширилди. Бироқ, Юртбошимиз амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, ҳозирда ҳам тергов сифати пастлигини, судларда одамларнинг ортиқча овора бўлаётганликларини ҳамда суд қарорларининг ижро этилмай қолаётганлигини, фуқароларга давлат ҳисобидан бепул юридик хизмат кўрсатадиган адвокатларни “электрон танлаш” тизими ҳанузгача ишга туширилмаганлигини танқид остига олди.
Шунингдек, мурожаатномада қисқа муддат ичида ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини алоҳида қайд этилиб, бунда энг аввало фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришларига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловга амалга ошириш борасидаги ваколатлари янада кенгайтирилиши, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилиши, бундан кейин мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали амалга оширилиши, суд ишларида қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантириши, судлар томонидан жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилиниши, одил судловни таъминлашда адвокатларнинг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилиши кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, мурожаатномада жиноят иши бўйича айбланувчининг ҳимоядан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат юзасидан прокурор ва суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим яратилиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларни вақтинча ушлаб туриш жойларда ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилиши ва ушбу жойларда юзни таниб олиш усуналарини ўрнатилиши ва бу орқали инсон ҳуқуқларининг ҳар қандай кўринишдаги бузилишларини олдини олиш таъминланиши алоҳида қайд этиб ўтилди. Ушбу масалаларни тез кунларда ҳал этилиши Ички ишлар тизимидаги шахсларни вақтинча ушлаб туриш жойларида охирги вақтларда учраётган қийноққа солиш ва тазйиқ ўтказиш ҳолатларига барҳам беради.
Мурожаатномада маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилиниши ҳамда мамлакатимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида “Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича қайд этиб ўтилган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Абдураҳмон Сафоев,
Наманган вилояти судининг фуқаролик
ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси