ФАРЗАНДИНИ ПУЛЛАГАН “ОНА”
Фарзанд Яратган томонидан инсониятга инъом этилган буюк неъмат, мўжиза. Зеро, у билан ҳар биримизнинг бағримиз бутун, хонадонимиз файзли. Аслини олиб қараганда бу ҳаётда барчамиз болам деб яшаймиз, ҳаракат қиламиз. Бу шубҳасиз, болажон халқ эканлигимиздан, ширинтойларимизни суйганлигимиздан далолат. Бироқ, орамизда шундайлар ҳам бор эканки, ўз жигаргўшасини, умрининг мазмуни бўлган фарзандини пуллашга ҳам тайёр. Учқўрғонлик Шаҳло Темирова (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳамда унинг онаси Соҳиба Акрамова ана шундайлар сирасидан бўлиб чиқди.
Улар ҳали туғилмаган, ўз жигаргўшалари бўлган норасида гўдакни эҳтиёжлари йўлида бошқа бировга сотиб юбормоқчи, пулламоқчи бўлдилар. Ҳаттоки бу йўлда Шаҳлонинг оналик меҳри ҳам қаҳрга айланди. Пул инсонни ҳар-хил йўлларга бошлайди, деганлари балки шудир.
2021 йилда турмуш ўртоғи билан ажрашган Шаҳло Темированинг уч нафар фарзанди бўлиб, тўртинчи фарзандига ҳомиладор эди. Гўёки қорнидаги гўдак туғилса боқа олмаслигини рўкач қилиб, дугонаси Зилолага бола асраб олмоқчи бўлган оилаларни топишни айтади. Орадан кўп ўтмай дугонаси Нигора исмли аёлга бола керак эканлигини айтиб, у билан Шаҳлони таништириб қўяди. Улар Шаҳлонинг онаси Соҳибанинг уйида кўришиб, она қорнида бўлган 5 ойлик чақалоқ устидан келишиб олмоқчи бўладилар. Бу борада кўпни кўрган Соҳиба норасидани бериш эвазига бир уй олиб беришни айтади. Нигора бунга имкони йўқлигини билдиргандан кейин эса, гўдакнинг нархи туширилади. Бу сафар бола эвазига банкдан олган кредит қарзларини узиш ва 1000 АҚШ доллари миқдорида пул бериш таклиф этилади. Харидор ҳам мазкур шартга кўниб, бир ҳафтадан сўнг келишилган пулнинг ярмини беришини, қолганини эса болани қўлига олганидан кейин олишларини таъкидлайди. Шу тариқа ҳали дунёга келмасданоқ ўз онаси ва бувиси томонидан кераксиз бир буюм каби сотиб юборилаётган норасида гўдак устидан келишувга эришадилар.
Айтилган кун ҳам етиб келиб, Шаҳло Нигора билан учрашади. Боланинг соғломлиги, ривожланиши яхши экани ойдинлашгач, Нигора 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулни фарзандфуруш онага тутқазади. Бироқ, туғилмаган жоннинг устидан қилинган савдо охирига етмайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари Шаҳло Темировани ашёвий далиллар билан қўлга оладилар.
Мазкур қабиҳ иш жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судида кўриб чиқилиб, ўз жигаргўшасини пулламоқчи бўлганларга тегишли жазо тайинланди.
Шу ўринда бир гап. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ота-она жигаргўшасига тикан киришини истамайди. Бирор-бир аёл фарзанди дард чекишини асло хоҳламайди. Аммо бугунги замон, инсонларнинг ҳар бир нарсага енгил-елпи қараши, пул, мол-дунёнинг ортидан қувиши уларни одамийликдан чиқариб, ҳайвон қилмайдиган ишларга қўл уришига сабаб бўляпти. Мазкур мақолада келтирилган ҳолат эса бунга яққол мисол.
Сардорбек Абдусатторов,
Жиноят ишлари бўйича Учқўрғон туман судининг раиси