ЮКСАК ЭЪТИРОФ

Юртимизда одил судловни амалга ошириш йўлидаги ислоҳотлар самараси судьялар фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор ўзгаришлар жорий этилиб, жумладан, одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган эди. Бу йил ҳам Судьялар Олий кенгаши томонидан одил судловга эришишдаги кўрсаткичлари баробарида ўзининг чуқур билими ҳамда маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган 20 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланди.

Мазкур юксак мукофотга лойиқ кўрилганлар орасида Наманган вилоятидан фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси Наргиза Халилова ҳам бор. Кўп йиллардан буён суд-ҳуқуқ тизимида самарали меҳнат қилиб келаётган Наргиза Халилованинг босиб ўтган йўли ёшларга чинакам ибрат мактабидир. Судьялар Олий кенгаши томонидан барча ҳудудларга онлайн тарзда уланган тақдирлаш маросимида “Ибратли судья” деб топилган суд тизими фидойиларига мукофотлар тантанали тарзда топширилди.

Албатта, бу адолат ва ҳақиқат йўлида фаолият олиб бораётган судьяларга рағбат ўлароқ, одил судловни қарор топтиришда юксак масъулият ҳам юклайди.