ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР АТРОФЛИЧА ТУШУНТИРИЛДИ
Бугунги кунда мамлакатимизда ер ва ер билан боғлиқ ислоҳотлар жадал суръатларда амалга ошириляпти. Бунда эса қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар муҳим аҳамиятга эга. Жиноят ишлари бўйича Чуст, Поп, Тўрақўрғон, Мингбулоқ туман судлари томонидан Кадастр агентлиги идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув-семинар машғулотларида айни борадаги қонунчилик ислоҳотлари ҳақида сўз борди.
Унда иштирок этган жиноят ишлари бўйича туман судининг раис ва судьялари Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича батафсил маълумот бердилар. Мазкур ўзгартиришларга асосан иккита янги модда қўшилгани, битта модда бўйича санкциялар кучайтирилгани тушунтирилди.
Тадбирда шунингдек, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилгани, бу билан мазкур турдаги ишларни кўриш маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилгани тўғрисида ҳам тушунтиришлар берилди.
Тадбирда иштирок этган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари, кадастр агентлиги вакиллари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар.