КОРРУПЦИЯ – КЕЛАЖАК КУШАНДАСИ

Наманган вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Суд тизимида коррупциянинг олдини олиш” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Вилоятдаги барча судьялар иштирок этган тадбирда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши буюртмаси асосида суратга олинган “Пушаймон” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди. Ушбу фильм бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган коррупция ва унга қарши курашиш масаласига бағишланган бўлиб, унда порахўрлик оқибатида ўз иши ва виждонига хиёнат қилган, охир-оқибат бу қилмиши орқали жиноятчига айланган судьянинг аянчи қисмати акс этган.

Ушбу фильм намойиши орқали судьялар ва суд тизими ходимларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, мазкур жиноятнинг оқибати нафақат порахўрга, балки унинг оила-аъзолари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.

Фильм намойишидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Ҳусниддин Камолов кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни баратаф этиш бўйича қатор ислоҳотлар амалга оширилгани, айниқса, судьяларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаб ўтди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга қўл урмаслиги айтиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Конституциявий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бунда эса ҳар бир мамлакат фуқароси фаол ва ташаббускор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасиги киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгилик ва ўзгартиришлар ҳақида тушунчалар берилди.