СОЛИҚ СОҲАСИДАГИ СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасида семинар ўтказилди.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судларда солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланган семинарда Олий суд судьялари, Наманган вилояти судининг фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, маъмурий суд судьялари ҳамда солиқ органлари ходимлари иштирок этдилар.

Дастлаб Олий суд судьялари томонидан Пленум Қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди. Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад солиққа оид низоларни кўришда судлар томонидан қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш эканлигига эътибор қаратилди.

Семинар давомида шунингдек, солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, солиқ ҳисоблаш, молиявий жарима ва имтиёзларни қўллаш ҳамда солиқ органларининг қарорлари асосида солиқларни ундиришдаги хатоликларга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, солиққа оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Қодирхон Тажиматов,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси