УЧ ОЙЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.


2023 йилнинг 20 апрель куни Наманган вилояти телерадиокомпаниясида вилоят судлари раисларининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси иштирокида суд идоралари фаолият таҳлилларига бағишланган Брифинг ўтказилди.

Брифингда дастлаб Президентимиз томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Мазкур икки муҳим ҳужжат билан аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиши, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. 


Мазкур чиқиш орқали Наманган вилояти суди раисининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.


Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг биринчи чораги давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.


Мазкур Брифинг айни вақтда “Наманган” телеканали ва “Олтин замин” радиосида тўғридан-тўғри, жонли эфирда намойиш этилган бўлса, Олий суд ва Наманган вилоят судларининг веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.


Шуҳратжон Қурбонов,

Наманган вилоят суди судьяси