СУД ХОДИМЛАРИ МИНИ-ФУТБОЛ МУСОБАҚАСИДА БЕЛЛАШДИЛАР

Наманган вилоят суди томонидан 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан вилоят, туман (шаҳар), туманлараро судлари ўртасида мини-футбол бўйича “Наманган вилоят суди раиси кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов барчани “Хотира ва қадрлаш куни” билан муборакбод этиб, барча жамоа аъзоларига омад тилади.

Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлабки босқчида тўп сурган 12 та жамоалар орасидан кейинги босқичга 6 та жамоа саралаб олинган бўлса, ярим финал баҳсларида Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси Чортоқ, Косонсой, Норин туман судлари бирлашган жамоасига қарши, Янгиқўрғон туман судлари жамоаси эса учқўрғонлик ҳамкасбларига қарши майдонга тушдилар. Муросасиз кечган ярим финалдан сўнг финал ўйинида жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси йигитлари Янгиқўрғон туман судлари жамоасига қарши тўп сурдилар. Мазкур ўйин 1-1 ҳисобидаги дурранг билан якунлангач, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди. Унга кўра Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси 3-1 ҳисобида янгиқўрғонликларни доғда қолдирди ва мусобақанинг мутлоқ ғолибига айланди.

Мусобақанинг тақдирлаш маросимига сектор раҳбарлари, фахрий меҳмонлар ташриф буюрдилар. Дастлаб беллашувларнинг энг яхшилари аниқлаб олинди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ҳужумчи”, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судья ёрдамчиси Зафар Темиров –   “Энг яхши ҳимоячи”, судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими бош муҳандиси Зафаржон Дадабоев – “Энг яхши дарвозобон” ҳамда Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Жавлонбек Абдимиталов – “Энг яхши футболчи” номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар. Уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг ғолиб жамоалар тақдирланди. Якуний натижаларга кўра мазкур беллашувларда учинчи ўринни Чортоқ, Косонсой ва Норин туман судлари бирлашган жамоаси, иккинчи ўринни Янгиқўрғон туман судлари жамоаси эгаллади. Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси эса биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолиби бўлди. Мазкур жамоаларнинг барча аъзоларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритган жамоа вакиллари эса мусобақа бош соврини бўлган кубокни бошлари узра баланд кўтардилар.