СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ
Наманган вилояти судида суд тизими ходимлари ва уларнинг ота-оналари иштирокида коррупцияга қарши кураш мавзусида учрашув-мулоқот ўтказилди.
Барча ҳудудлар билан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суратга олинган “Пушаймон” номли фильм намойиш этилди. Ушбу фильм бугунги кундаги долзарб муаммолардан бўлган порахўрлик ва унга қарши курашиш, коррупциянинг аянчли оқибатларига бағишланган бўлиб, унда таъмагирлик оқибатида ўз иши ва виждонига хиёнат қилган, охир-оқибат бу қилмиши орқали жиноятчига айланган давлат хизматчисининг аянчли қисмати акс этган.
Мазкур фильм намойиши орқали тадбир иштирокчиларига коррупция тараққиёт кушандаси эканлиги, мазкур жиноятнинг оқибати нафақат порахўрнинг ўзига, балки унинг оила-аъзолари, яқинлари, жамиятга ҳам жиддий зарарлиги кўрсатиб берилди.
Фильм намойишидан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни баратаф этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, судьяларнинг моддий таъминотини жиддий яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши лозимлиги айтилди. Вилоят суди раиси томонидан доимий равишда ҳар бир туман, шаҳар, туманлараро судларда коррупцияга қарши кураш мавзусида суҳбатлар ўтказилаётгани, уларда ҳар бир судья, ходим билан бирма-бир суҳбатлашиб, суд тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилаётгани таъкидланди.
Албатта, амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирларда ота-она ва оила аъзоларининг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Мулоқотда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Ғозихон Яхёхўжаев, суд фахрийси Тоҳирахон Мўйдинова, ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.