АЖДОДЛАР ТАЖРИБАСИ – ЁШЛАР МАКТАБИ
Наманган вилояти суди томонидан тарих, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирларини ўтказиш анъанага айланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллик байрами муносабати билан ташкил этилган бу галги тадбир ҳам кечаги, бугунги ва эртанги авлод вакилларини бирлаштирди.
Суд фахрийлари, шу соҳада ишлаб бугун бошқа идора ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ҳуқуқшунослар, судьялар ва тизим ходимлари иштирок этган тадбир аввалида турли йилларда суд идораларида фаолият олиб борган марҳум судьялар хотирланди. Улар хотирасига бағишланган видеоролик намойиш этилиб, ўтганлар ёдга олинди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов сўзга чиқиб, барчани Бош қомусимизнинг 32 йиллиги билан муборакбод этдилар. Мамлакатимиз Президенти бошчилигида барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш йўлида қатор Қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинаётганини таъкидладилар. Мазкур ўзгаришлар судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятида ўз аксини топаётгани эътироф этилди.
Устозларни эъзозлаб, уларга ҳурмат кўрсатиш эзгу ва хайрли иш. Шу маънода тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси, “Ўзбекистондан хизмат кўрсатган юрист”, суд фахрийси Убайдулла Мингбоевга Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимининг ташаккурномаси топширилди.
Албатта, эътибор ва эъзоз ҳар бир ходимни фаол ва ташаббускор бўлишга, ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Шу нуқтаи-назардан учрашувда вилоят судларида кўп йиллар фаолият олиб борган фахрийлар, бугунги кунда одил судловни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган судьялар ва тизим ходимларидан бир гуруҳи Наманган вилояти ҳокими, вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, адлия бошқармаси ҳамда вилоят касаба уюшмалари бирлашмасининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Тадбирда шунингдек, вилоят судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди. Китоб муаллифи, манбашунос-журналист Раҳимжон Ирисов мазкур солнома ҳақида гапириб, унда келтирилган тарихий манбалар ва шахсларнинг суд тизимидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.
Ҳаётнинг баланд-пастини, аччиқ-чучугини кўрган кексаларнинг ҳар бири ўзи бир дорилфунун. Уларнинг тажрибасига, йўл-йўриғига суянган одам ҳеч қачон қоқилмайди. Вилоят суди томонидан ўтказилган “Уч авлод учрашуви”да ҳам ёшлар ана шундай кўпни кўрган инсонлар билан мулоқотда бўлиб, ҳаётий тажрибаларидан ибрат олдилар.