БУНЁДКОРЛИК
Одил судловни амалга оширишда суд биноларида яратилган шароитлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, кейинги йилларда судларнинг моддий-техникасини яхшилаш, аҳоли ва ходимлар учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани суди биноси 1983 йилда қурилган бўлиб, бугунгача капитал таъмирдан чиқарилмаган эди. Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тегишли молиявий маблағ ажратилиб, иншоот тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Қўшимча хоналар, суд заллари, фуқаролар учун шароитлар яратилди.
Бугун янгидан таъмирдан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани суди биносига суд фахрийлари, судьялар ва ходимлар ташриф буюриб, яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Бу каби қулайликлар одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шундан сўнг, суд фахрийлари ва судьялар суд биноси ҳовлисини ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшиб, манзарали дарахт кўчатлари экишди.