СУД РАИСИ ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ҳамда Наманган вилояти суди ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида амалий Конференция ва ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларни судьялар фаолиятига татбиқ этиш бўйича ишлаб чиқилган алоҳида дастур бўйича сўз юритилди. Судьялар ушбу дастурда белгиланган муҳим вазифаларга тўхталиб, уларни амалга оширишга доир чора-тадбирлар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг, Наманган вилояти суди раиси, суд фахрийлари ҳамда акдемик лицей ўқувчилари иштирокида “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқот, самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда вилоят суди раиси Алишер Усманов, суд фахрийлари ўқувчилик ва талабалик йилларини эсга олиб, Янги Ўзбекистон ёшларига яратиб берилаётган бугунги шароитларни эътироф этдилар. Судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидладилар.

Ички ишлар вазирлигининг Наманган академик лицейида таълим олаётган ўқувчилар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан меҳмонларга мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.

Жонли мулоқотларга бой ўтган учрашув якунида вилоят суди раиси томонидан таълим муассасасига Наманган вилояти судларининг “Мозийга бир назар…” номли китоб-албоми совға қилинди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар академик лицейда ташкил этилган “Жасорат” музейида бўлдилар. Экскурсия давомида судья ва суд фахрийлари ички ишлар органларининг шонли тарихини акс эттирувчи манбалар, музей фондидаги нодир экспонатлар, тарихий ҳужжатлар ҳамда миллий меросга оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Айтиш жоизки, таълим муассасасида ташкил этилган “Судья ва ёшлар” учрашуви эртанги фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ташкилотлари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.