ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Наманган вилояти судида суд ходимларининг ота-оналари билан учрашув-мулоқот ҳамда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Учрашувда дастлаб вилоят суди раисининг ўринбосари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, кейинги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, коррупцион омилларни бартараф этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, тизим ходимларининг моддий таъминотини жиддий яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши лозимлиги айтилди.

Бу борада оила аъзоларининг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг, иштирокчилар суд заллари, судья ва ходимларнинг хизмат хоналарида бўлиб, фарзандлари қандай шароитларда фаолият олиб бораётганлиги билан яқиндан танишдилар.