ҲАМКОРЛИК
Наманган вилояти суди ташаббуси билан “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашда суд ва нотариатнинг ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Судьялар, нотариал идора вакиллари иштирок этган тадбирда фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва нотариат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш, бу жараёнда очиқлик, шаффофлик, самарадорликни таъминлаш, шунингдек соҳани рақамлаштириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Хусусан, судьялар томонидан суд амалиётида учраётган муаммолар таҳлил қилиниб, нотариуслар фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар тушунтирилди.

Давра суҳбатида шунингдек, нотариал ҳаракатларга оид низоларни судгача ва судда ҳал этилишида ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари борасида ҳам сўз юритилди.

Фикр-мулоҳазалар, савол-жавобларга бой ўтган мулоқот якунида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.






