“facebook” ижтимоий тармоғининг “ОНА шаҳрим НАМАНГАН” гуруҳида Ж.Жалолова томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан
Аризачи О.Жалоловнинг ишончли вакили Жамила Жалолова судга ариза билан мурожаат қилиб, Учқўрғон тумани ҳокимининг 2004 йил 27 июлдаги “Туманда яшовчи фуқаролар томонидан қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақида”ги 313-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил
15 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан О.Жалоловнинг ишончли вакили Ж.Жалолованинг аризаси қаноатлантиришдан рад этилган.
Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 2 декабрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация инстанциясининг
2022 йил 25 мартдаги қарори билан Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарори ҳамда Наманган вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 2 декабрдаги қарори ўзгаришсиз, О.Жалоловнинг кассация шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Кейинчалик аризачи О.Жалоловнинг ишончли вакили Ж.Жалолова Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиб, қайта кўришни сўраб ариза билан мурожаат этган.
Наманган туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 3 февралдаги ажрими билан аризаси қаноатлантиришдан рад этилган.
Аризачи аризасида янги очилган ҳолат сифатида Учқўрғон туман ИИБ эксперт криминалистика бўлимининг 2021 йил 30 декабрдаги 5114-сонли хулосаси ва Учқўрғон туман ИИБнинг 2021 йил 30 декабрдаги жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори ҳамда 2021 йил
15 сентябрдаги ҳал қилув қарори қабул қилишда гувоҳнинг била туриб ёлғон маълумот берганлиги ва била туриб нотўғри таржима қилганлиги, ишда иштирок этувчи шахсларнинг нотўғри маълумот тақдим этганлиги, судьянинг жиноий қилмишларининг мавжудлиги, суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатларни асос сифатида келтириб, Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил
15 сентябрдаги ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқишни ва Учқўрғон тумани ҳокимининг 2004 йил 27 июлдаги 313-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Аризадаги янги очилган ҳолат сифатида келтирилган важлар суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш учун асос бўлолмайди. Зотан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 269-моддасига кўра, қуйидагилар қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар аниқ белгилаб қўйилган. Ушбу моддада белгиланган, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари тугал бўлиб, уни кенг тарзда талқин этиш мумкин эмас.
Чунки, қонун талабига кўра, янги очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатларни тушуниш лозим.
Агар фактик ҳолатлар суд ҳужжати қабул қилингандан сўнг вужудга келган бўлса, бу ҳолат суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асос бўла олмайди.
Бундан ташқари, аризачининг ишончли вакили Ж.Жалолова томонидан янги очилган ҳолатга асос сифатида келтирган экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги каби ҳолатлар суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмаган ҳамда улар мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлмайди.
Қолаверса, 2021 йил 15 сентябрдаги ҳал қилув қарорини қабул қилишда судьянинг жиноий қилмишлари, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг нотўғри маълумот тақдим этганлик ҳолати ҳам суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланмаган.
Бундан ташқари, Одилжон Жалолов 2022 йил 10 майда Наманган туманлараро маъмурий судига 5-1601-2103/803-сонли иш юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида такроран ариза билан мурожаат қилган.
О.Жалоловнинг аризасига ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, аризачи томонидан янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақида ариза бериш муддатининг ўтказиб юборилганлиги ва узрсиз ҳисобланиши, шунингдек илтимосномада ўтказиб юборилган муддатни тиклашга асослар мавжуд эмаслиги туфайли Наманган туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 13 майдаги ажрими билан аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар аризачига қайтарилган.
Аризачи О.Жалолов яна такроран 2022 йил 24 майда Наманган туманлараро маъмурий судига 5-1601-2103/803-сонли иш юзасидан қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.
О.Жалоловнинг аризасига кўра, ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат кўрсатилмаган ҳамда илтимосномада ўтказиб юборилган муддатни тиклашга асослар мавжуд эмаслиги сабабли узрли деб топилмаган.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 269-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари келтирилган бўлиб, аризачи томонидан шу уларнинг ҳеч бири асос сифатида кўрсатилмаган.
Шунинг баробарида мазкур кодекснинг 270-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади.
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкин.
Бироқ, янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақида ариза бериш муддати ўтказиб юборилганлиги ва узрли сабабларнинг мавжуд эмаслиги, шунингдек илтимосномада ўтказиб юборилган муддатни тиклашга асослар мавжуд эмаслиги, аризачи томонидан келтирилган асослар бўйича суднинг 2022 йил 3 февралдаги ажрими ҳозирда қонуний кучда эканлиги аризачига бир неча бор тушунтирилган.
Наманган туманлараро маъмурий судининг 2022 йил
27 майдаги ажрими билан О.Жалоловнинг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар аризачига қайтарилган.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, Ж.Жалолова томонидан fasebook ижтимоий тармоғида эълон қилинган, судьяларни ҳақоратлаш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган билдириш суд қарорларини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлолмайди. Суд қарорларининг қонунийлиги,асослилиги ва адолатлилигига фақатгина юқори инстанция суди томонидан қонуний баҳо берилиши, судьяларни обрўсизлантирганлик, ҳақорат қилганлик қонуний жавобгарлик мавжудлиги маълум қилинади.