ТЕРГОВ СИФАТИНИ ОШИРИШ – ҲАМКОРЛИКДАГИ ВАЗИФА

Наманган вилояти ички ишлар бошқармасида прокуратура ва ички ишлар органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, судьялар, терговчи ва суриштирувчилар иштирок этдилар.

Ўқув-амалий семинарда дастлаб Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазирининг ўринбосари Рамазон Ашропов суриштирув ва тергов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳақида гапириб, бу борада эътибор қаратиш лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтдилар.

Олий суд судьяси Элбек Турғунбоев дастлабки тергов органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликларга тўхталиб, маъмурий материаллар ва жиноят ишларини судларда кўриш жараёнидаги айрим муаммоларни очиқлади. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, янги қонунларни қўллашда юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш ва тергов жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Семинарда шунингдек, судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 ва 417-моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди.

Якунда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди. Терговчи ва суриштирувчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДАВР ТАЛАБИ

Коррупция жамиятимиз тараққиётига, халқимизнинг фаровон турмуши ва давлатимиз нуфузига жиддий хавф соладиган хавфли иллатдир. Шу боис, унга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятли бурчи ҳисобланади.


Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилди. Уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.


Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.


Бундан ташқари коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик базаси такомиллаштирилди, парламент палаталарида ушбу йўналишга масъул бўлган қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ташкил этилгани қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини берди.


Таҳлилларга кўра, Ўзбекистоннинг очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланди.


Бугун жуда кўп давлат хизматлари рақамлаштирилиб, юзлаб ортиқча маълумотларни сўраш амалиётига барҳам берилди.
Суд ходимлари томонидан сансалорлик, бюрократизм ва турли суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилишини назорат қилишнинг самарали тизимини яратиш мақсадида, соҳани рақамлаштиришга эътибор қаратилиб, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш ва инсон омилини сезиларли даражада қисқартиришга эришилмоқда.


Шу мақсадда Наманган вилоят судлари томонидан коррупция билан боғлиқ жиноят ишлар қонун талаби асосида кўриб чиқилиб, жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда. Жумладан, 2025 йилда коррупция билан боғлиқ 549 нафар шахсга нисбатан 349 та жиноят иши кўриб, тамомланган.
Шу билан бирга, янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишда қўшимча жазо чораларининг катта аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, 273 нафар судланувчиларга нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш қўшимча жазоси қўлланилган.


2025 йилда судларда кўрилган коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича соҳа ходимлари таҳлили шуни кўрсатдики, энг кўп коррупциявий ҳолатлар мактабгача ва мактаб таълими, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимида содир этилган.


Мазкур тоифадаги ишлар бўйича жойларга суднинг 204 та хусусий ажрими юборилган, 135 та жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.


Масалан, Наманган шаҳридаги 45-умумтаълим мактаби директори Муҳайё Самадова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2024 йил август ойи ўрталарида инглиз тили муаллимаси Замира Аҳмадалиевани ҳузурига чақиради-да, 200 АҚШ доллар берса, ўтган йилги дарс соатини сақлаб қолишига ишора қилади. Буни эшитиб, ўқитувчи ўта ноқулай вазиятга тушади: раҳбарнинг талабига кўнмаса, маоши пасаяди, унинг талабини бажарай деса, бу маблағни қаердан олишни билмасди. Бундан ёмони шундаки, М. Самадова яна икки нафар инглиз тили ўқитувчисига нисбатан шундай таъмагирлик қилади… Охир-оқибат ўқитувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилгач, жиноят фош этилади.


Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида эса, Давлатобод тумани давлат солиқ инспекцияси инспектори Шариф Расуловнинг таъмагирлик билан боғлиқ қилмишлари кўриб чиқилди. Бу кимса 2024 йил май ойидан маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шўъбаси инспектори лавозимида фаолият юритиб, учта маҳалла ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлардан “улуш” олиб келган. У фаолияти давомида “Ғирвон” савдо мажмуасида Акмал Жамолов белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмай савдо қилаётганини аниқлайди. Бундай ҳолат уддабурон солиқчи учун айни муддао бўлади. Яъни у ҳуқуқбузар тадбиркорга нисбатан далолатнома тузмаслик эвазига уч миллион сўм талаб қилади.


Шунингдек, судланувчи Ўрта Ғирвон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритадиган тадбиркорлардан даромад солиғини нақд беришса, шахсий ҳисоб варақларига тўлаб қўйишни айтиб, уларни алдайди.
Натижада тадбиркорларнинг 12 миллион 347 минг сўм маблағини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.


Суд томонидан юқорида баён этилган икки ҳолат юзасидан судланувчилар тегишли жазо тайинланди.


Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир ташкилот коррупциявий ҳолатларни чуқур таҳлил қилиши, бунга имкон берган иллатларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаши шарт.

Зафаржон Расулов,
Наманган вилояти
суди судьяси

ЭЪТИРОФ ВА ЭЪЗОЗ

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга бўлган судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш белгиланган. Бу йил ҳам Судьялар олий кенгаши томонидан одил судловга эришишдаги кўрсаткичлари баробарида ўзининг чуқур билими ҳамда маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган бир қатор судьялар “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди.

Мазкур юксак мукофот билан тақдирланганлар орасида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг раиси Тожиддин Мадраҳимов ҳам бор. Судьялар олий кенгаши томонидан видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тақдирлаш маросимида “Ибратли судья” деб топилган суд тизими фидойиларига мукофотлар тантанали тарзда топширилди.

Шунингдек, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тизимда самарали фаолият олиб бораётган судьяларнинг ота-оналари ҳам ташаккурнома билан тақдирландилар. Бундай эътирофга Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси Фахриддин Мадраҳимовнинг ота-оналари ҳам лойиқ кўрилдилар.

Тақдирлаш маросимида вилоят суди раиси, судьялар мукофотланганларни муборакбод этиб, албатта бу адолат ва ҳақиқат йўлида фаолият олиб бораётган судьяларга рағбат ўлароқ, одил судловни қарор топтиришда юксак масъулият эканини таъкидладилар.

Skip to content