УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Ҳар бир соҳанинг етук мутахассислари, фидойилари бўлади. Уларнинг йиллар давомидаги фаолияти ва тўплаган тажрибаси ёш касбдошлари учун ҳам ўрнак, ҳам намуна мактабидир. Наманган вилояти суд идоралари тизимида ҳам ана шундай суд фахрийлари, Устозлар кўпчиликни ташкил этади. 


Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Наманган вилоят маъмурий суди томонидан ўтказилган учрашув уч авлод вакилларини бир жойда бирлаштирди.

Тадбирда вилоятдаги суд идораларида кўп йиллар фаолият олиб бориб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган Ғозихон Яҳёхўжаев иштирок этиб, ўз тажрибалари, меҳнат фаолиятидаги эсда қоларли ва ибратли воқеаларни сўзлаб берди. Шу билан бирга судьяликнинг масъулияти, ўзига яраша машаққатларига тўхталиб ўтди. Ҳар бир соҳада ҳам самарали фаолият олиб бориш ҳалоллик, фидойилик, доимий малака ошириш ва одоб-ахлоқ сингари мезонлар билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, мамлакатимизда судлар фаолияти учун яратилаётган шароитлар, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида қилинган ишлар ва тизимдаги бошқа ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.


Уч авлод учрашувида ёш судья ва судьяликка номзод кадрларга соҳанинг ана шундай устозлар амалиётидан ўрин олган ўгитлари тушунтирилди.


Тадбир якунида суд-ҳуқуқ тизими фахрийсига вилоят маъмурий суди томонидан махсус эсдалик совғаси топширилди.

УЧ ОЙЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.


2023 йилнинг 20 апрель куни Наманган вилояти телерадиокомпаниясида вилоят судлари раисларининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси иштирокида суд идоралари фаолият таҳлилларига бағишланган Брифинг ўтказилди.

Брифингда дастлаб Президентимиз томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Мазкур икки муҳим ҳужжат билан аҳолининг одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайтирилиши, 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқилиши таъкидланди. 


Мазкур чиқиш орқали Наманган вилояти суди раисининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бердилар.


Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг биринчи чораги давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.


Мазкур Брифинг айни вақтда “Наманган” телеканали ва “Олтин замин” радиосида тўғридан-тўғри, жонли эфирда намойиш этилган бўлса, Олий суд ва Наманган вилоят судларининг веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.


Шуҳратжон Қурбонов,

Наманган вилоят суди судьяси


ИНСОН ЭРКИГА ТАҲДИД

Бугунги кунда одам савдоси глобал муаммога айланиб, деярли барча мамлакатларда унинг турли кўринишлари учрамоқда.


Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 30 миллиондан ошиқ  киши қулдорликнинг замонавий шакли қурбонига айланяпти. Одамлар 127 мамлакатдан сотувга чиқаётганлиги ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинаётганлиги аниқланган.


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.

Шунинг учун ҳам БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 30 июлда “Одам савдосига қарши курашиш бўйича” Глобал ҳаракат дастури қабул қилинган. БМТ томонидан 2013 йил 30 июль куни Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.


Ўзбекистонда ҳам одам савдоси, хусусан, унинг трансмиллий кўринишларига қарши қатъий чоралар қабул қилинмоқда. Бу иллат билан курашишда нафақат давлат ташкилотлари, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар ҳам  манзилли ишларни амалга оширмоқда.


2008 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунга 2020 йил 17 августдаги Қонун билан бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.


Мамлакатимиз Олий Мажлиси томонидан сўнгги йилларда одам савдосига қарши курашишга  оид кўплаб халқаро ҳужжатларда назарда тутилган нормалар миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан одам савдосига қарши курашиш бўйича ўттиздан ортиқ икки томонлама шартнома ва битимлар имзоланган.


Қонунга асосан одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишдир.


Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг энг кўп тарқалган турлари – одамларни бевосита сотиш ва сотиб олиш, қуллик, эрксизлик ва қарамлик, эркаклар ва аёлларнинг меҳнат эксплуатацияси, одамларни уларнинг аъзоларидан фойдаланиш мақсадида сотиш, болаларни сотиш ва сотиб олиш ҳисобланади.


Республикамизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ташкил этилиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Идоралараро комиссиянинг вазифаларидан бири бу давлат органларини одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишидаги фаолиятини бирлаштириш ҳисобланади.


Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасининг 3-қисмида одам савдоси,  яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш  каби жиноятларини содир этганлик учун саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чоралари белгиланган.


Шубҳасиз одам савдоси оғир жиноят бўлиб, бундай жиноятларни содир этган шахсларга жазо муқаррардир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

СОЛИҚ СОҲАСИДАГИ СЕМИНАР

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоят Давлат солиқ бошқармасида семинар ўтказилди.

Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 февралдаги “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда судларда солиқ низоларини кўришда ягона суд амалиётини шакллантириш масалаларига бағишланган семинарда Олий суд судьялари, Наманган вилояти судининг фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, маъмурий суд судьялари ҳамда солиқ органлари ходимлари иштирок этдилар.

Дастлаб Олий суд судьялари томонидан Пленум Қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди. Мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад солиққа оид низоларни кўришда судлар томонидан қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш эканлигига эътибор қаратилди.

Семинар давомида шунингдек, солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатлари, солиқ ҳисоблаш, молиявий жарима ва имтиёзларни қўллаш ҳамда солиқ органларининг қарорлари асосида солиқларни ундиришдаги хатоликларга оид муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, солиққа оид низоларни маъмурий ва иқтисодий судларда кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Қодирхон Тажиматов,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси

СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Олий таълим муассасасида таълим олаётган ёки уни битириш арафасида турган талабалар билан турли соҳа вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказиш ёшларнинг эртанги ҳаёти, маълум бир касб танлашида муҳим омил ҳисобланади. Айни жиҳатдан, Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари билан ўтказилган “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам эртанги фаолиятини суд идоралари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.

Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда дастлаб айни кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий жараёнлар – Конституциявий ислоҳотларга тўхталиб ўтилди.

Вилоят суди раиси янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида гипириб, мазкур янгиланишлардан кутилаётган асосий мақсад ҳар бир соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш эканлигига эътибор қаратди. 

 Учрашув очиқ мулоқот тарзида олиб борилди ва суд раиси соҳадаги ислоҳотлар, судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда Наманган давлат университетининг юридик факултетида кундузги, кечки ва сиртқи таълим йўналишларида жами 805 нафар талаба таҳсил олмоқда. Албатта улар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда талаба-ёшлар Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, қонунчилик ислоҳотлари, суд тизимидаги ўзларини қизиқтирган саволлар билан вилоят суди раисига мурожаат қилдилар. Йигит-қизларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини янада оширди.

Ёшлар – эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг эгаларидир. Шу жиҳатдан, уларни бугунги ислоҳотларга, юрт келажагига дахлдор этиб тарбиялаш, юксак марралар сари руҳлантириш – Ватан тараққиётига хизмат қилади. “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам айни жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.   

Баҳодир Мўминов,

Наманган вилоят судининг

жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар

бўйича бош консультанти

ҲАМКОРЛИКДАГИ АМАЛИЁТ САМАРАЛИ БЎЛАДИ

Наманган вилоят судида суд ҳужжатларини ўз вақтида ижросини таъминлаш, ижро этиш самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда асосий масала Олий суд ва Мажбурий ижро бюроси томонидан тасдиқланган “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8, 24-моддаларига асосан ижро ҳужжатларини қайтарилишига барҳам бериш ҳақидаги қўшма кўрсатма ҳамда унда белгиланган вазифаларга қаратилди.

Айни жиҳатдан йиғилишда ижро жараёнида юзага келаётган муммоларни Наманган вилоят суди ва Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ҳал этишда асосан нималарга эътибор қаратиш кераклиги юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоятининг Чуст ва Чортоқ туманларида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулларда ҳам юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев иштирокида Чуст ва Чортоқ туманларида бўлиб ўтган қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича 81 та мурожаатлари кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг 45 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 22 та мурожаат юзасидан аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.

Шунингдек, сайёр қабуллар давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 8 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 10 та оила яраштирилди.

Сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда фирибгарлик жинояти билан айбланиб, суд томонидан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган 3 нафар фуқаронинг иши апелляция шикоятига асосан кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъати мазкур ишлар бўйича барча ҳолатларни тўлиқ ўрганиб, фирибгарлик оқибатида жабрланганларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли 3 нафар судланувчи суд мажлиси залидан қамоқдан озод қилинди. Уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.

Перейти к содержимому