СУДЬЯ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Олий таълим муассасасида таълим олаётган ёки уни битириш арафасида турган талабалар билан турли соҳа вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказиш ёшларнинг эртанги ҳаёти, маълум бир касб танлашида муҳим омил ҳисобланади. Айни жиҳатдан, Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари билан ўтказилган “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам эртанги фаолиятини суд идоралари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.

Наманган вилоят суди раиси Алишер Усманов иштирокида бўлиб ўтган учрашувда дастлаб айни кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим сиёсий жараёнлар – Конституциявий ислоҳотларга тўхталиб ўтилди.

Вилоят суди раиси янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар ҳақида гипириб, мазкур янгиланишлардан кутилаётган асосий мақсад ҳар бир соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш эканлигига эътибор қаратди. 

 Учрашув очиқ мулоқот тарзида олиб борилди ва суд раиси соҳадаги ислоҳотлар, судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда Наманган давлат университетининг юридик факултетида кундузги, кечки ва сиртқи таълим йўналишларида жами 805 нафар талаба таҳсил олмоқда. Албатта улар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда талаба-ёшлар Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар, қонунчилик ислоҳотлари, суд тизимидаги ўзларини қизиқтирган саволлар билан вилоят суди раисига мурожаат қилдилар. Йигит-қизларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини янада оширди.

Ёшлар – эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг эгаларидир. Шу жиҳатдан, уларни бугунги ислоҳотларга, юрт келажагига дахлдор этиб тарбиялаш, юксак марралар сари руҳлантириш – Ватан тараққиётига хизмат қилади. “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам айни жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.   

Баҳодир Мўминов,

Наманган вилоят судининг

жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар

бўйича бош консультанти