АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоятининг Чуст ва Чортоқ туманларида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулларда ҳам юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев иштирокида Чуст ва Чортоқ туманларида бўлиб ўтган қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича 81 та мурожаатлари кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг 45 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 22 та мурожаат юзасидан аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.

Шунингдек, сайёр қабуллар давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 8 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 10 та оила яраштирилди.

Сайёр қабул доирасида жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судида Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда фирибгарлик жинояти билан айбланиб, суд томонидан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган 3 нафар фуқаронинг иши апелляция шикоятига асосан кўриб чиқилди.

Судлов ҳайъати мазкур ишлар бўйича барча ҳолатларни тўлиқ ўрганиб, фирибгарлик оқибатида жабрланганларга етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли 3 нафар судланувчи суд мажлиси залидан қамоқдан озод қилинди. Уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.