ЭЪЗОЗ ВА ЭЪТИБОР УЧРАШУВИ
Бугун мамлакатимизда меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларга эътибор кўрсатиш эзгу анъанага айланди. Бунда эса давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун биргаликда ҳаракат қилиш” мақсади мужассам. Судьялар олий кенгаши томонидан ҳам яхши ташаббусга қўл урилиб, узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Учқўрғон туманидаги 15-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган ана шундай тадбир таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд фахрийси Абдурасул Эрановнинг ибратли ҳаёт йўлига бағишланди.

Учрашувда Судьялар олий кенгаши, Наманган вилояти суди судьялари, суд ва прокуратура фахрийлари, туман раҳбарлари ва ёшлар иштирок этдилар.

Дастлаб меҳмонлар синф хонасида бўлиб, бу ерда собиқ ўқувчининг устозлари ва синфдошлари билан суҳбатлашдилар. Самимий мулоқотларда болалик чоғлари, мактаб даврлари эсга олинди.

Тадбирнинг асосий қисмида сўзга чиққан суд, прокуратура фахрийлари, судьялар Абдурасул Эрановнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшларга чин ҳавас эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Юзма-юз мулоқотда йигит-қизлар мактабнинг собиқ ўқувчисига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани ёшларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини оширди.

Шу куни Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига А.Эрановнинг меҳнат фаолияти акс этган махсус пешлавҳа тақдим этилди. Бу судьялар ҳамжамиятининг мазкур умумтаълим мактабига ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб, ушбу даргоҳдан яна кўплаб эл ардоғидаги инсонлар етишиб чиқишига билдирилган ишонч ҳам ҳисобланади.

Учрашувда мактаб жамоаси, ўқитувчи ва ўқувчиларга Судьялар олий кенгаши, вилоят суди ҳамда А.Эранов томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шу куни меҳмонлар мактаб ҳовлисига манзарали дарахт кўчатлари экиб, таълим муассасаси ободончилигига ўз ҳиссаларини ҳам қўшдилар.