СУДЬЯ ВА СУД ХОДИМЛАРИ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА БЕЛЛАШДИЛАР

Наманган вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилганлигининг 100 йиллигига бағишлаб спорт мусобақалари ўтказилди.


Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” спорт мажмуасида спортнинг шахмат, стол тенниси, мини футбол турлари бўйича ташкил этилган турнирда Наманган вилояти судлари ҳамда вилоят маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.


Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов барча жамоа аъзоларига омад тилади.


Ўзаро баҳсларга киришган мусобақа иштирокчилари ақлий салоҳиятларини шахмат беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчил ва чаққонликларини намоён этдилар. Мини футбол ўйинлари эса қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди.


Дастлабки босқичда тўп сурган 8 та жамоалар орасидан кейинги босқичга 4 та жамоа саралаб олинган бўлса, ярим финал баҳсларида вилоят суди жамоаси Учқўрғон туман судлари бирлашган жамоасига қарши, Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоаси эса жиноят ишлари бўйича Норин, Чортоқ, Мингбулоқ, Косонсой туман судлари ходимларидан ташкил этилган жамоага қарши майдонга тушдилар. Муросасиз кечган ярим финалдан сўнг финал ўйинида вилоят суди жамоаси йигитлари Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоасига қарши тўп сурдилар. Мазкур ўйинда 5-3 ҳисобида вилоят суди жамоаси ғолибликни қўлга киритди.


Қизғин ўтган шахмат белашувларида 1-ўринни судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими ходими Муҳаммадюсуф Ҳакимов, 2-ўринни фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди девонхона мудири Ойбек Султонов ҳамда 3-ўринни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси Алижон Қаҳрамонов қўлга киритдилар.


Стол тенниси баҳсларида эса 1-ўрин судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайратжон Салоҳиддиновга, 2-ўрин Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси Сойибжон Раҳимовга, 3-ўрин жиноят ишлари бўйича Поп тумани суди судьяси Акмалжон Кенжабоевга насиб этди.


Хотин-қизлар ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган беллашувларда фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг ходими Юлдуз Парпиева ғолиб деб топилди.


Мусобақанинг тақдирлаш маросимида дастлаб шахмат ва стол тенниси баҳсларида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар шоҳсупага таклиф этилди. Уларга Наманган вилояти суди раиси ва фахрий меҳмонлар томонидан диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди.


Шундан сўнг мини футбол ўйинларининг энг яхшилари аниқлаб олинди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ҳужумчи”, Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Алишер Нажмиддинов – “Энг яхши ўйинчи”, жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Шокиржон Қозоқов – “Энг яхши дарвозобон” номинациялари бўйича ғолиб деб топилдилар. Уларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.


Мини футбол беллашувларининг якуний натижаларига кўра 3-ўринни жиноят ишлари бўйича Норин, Чортоқ, Мингбулоқ, Косонсой туман судлари ходимларидан ташкил этилган жамоа, иккинчи ўринни Янгиқўрғон туман судлари бирлашган жамоаси эгаллади. Вилоят суди жамоаси эса биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақа ғолиби бўлди. Ғолиб жамоаларга диплом, медал ва эсдалик совғалари топширилди. Биринчи ўринни қўлга киритган жамоа вакиллари эса мусобақа бош соврини бўлган кубокни бошлари узра баланд кўтардилар.


Спорт мусобақаларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси раҳбарлари ҳамда мусобақа ҳакамларига миннатдорчилик билдирилиб, Наманган вилояти судининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

ЯНГИ ҚОНУН МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ

Наманган шаҳар ҳокимлигида Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.


Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Икром Муслимов, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, судьялар, Наманган вилояти ҳокимлиги, давлат хавфсизлик хизмати, вилоят прокуратураси, ички ишлар, адлия, божхона, миллий гвардия бошқармалари ходимлари, бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси, департамент вакиллари, адвокатлар ҳамда Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари иштирок этдилар.


Тадбирда Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов жорий йилнинг 27 сентябрида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Қонун билан амалиётга киритилаётган янгиликлар ва уларнинг аҳамияти хусусида батафсил маълумот берди. Хусусан, эндиликда судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилаётгани, апелляция ёки кассация инстанциясининг қарори устидан шикоят (протест) бериш масаласида янги институт – суд ишларини тафтиш тартибида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилаётгани таъкидланди.


Шунингдек, амалиётга киритилаётган янгиликка асосан тарафларнинг хоҳишига кўра, суд қарори устидан ўн кунлик муддатда апелляция тартибида шикоят (протест) берилиши, ушбу муддат ўтгандан сўнг кассация тартибида шикоят (протест) келтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилаётгани айтиб ўтилди. Мазкур тартиб тарафларнинг суд қарорлари устидан шикоят (протест) келтириш ҳуқуқи орқали одил судловга эришиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.


Очиқ мулоқот тарзида ўтган семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари, адвокатлар қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўзаро савол-жавоблар тарзида кечган мулоқотларда қонуннинг амалдаги ижросини таъминлаш борасидаги масалалар ҳам муҳокама қилинди.


2024 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган мазкур ўзгаришлар одил судлов самарадорлигини янада оширишда, судларда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишида муҳим аҳамият касб этади.


Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ, АМАЛИЙ КЎНИКМА

Ўқувчи-ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини оширишда таълим муассасаларида йўлга қўйилган замонавий ёндашувларнинг ўрни муҳим. Айни жиҳатдан, Наманган шаҳридаги Президент мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига ташриф буюрдилар.


Дастлаб ўқувчилар суд биносидаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳир суди раиси томонидан “Қонун ва жиноятчилик” мавзусида амалий дарс машғулоти ўтиб берилди.


Унда суд ҳокимияти, қонунчилик нормалари, суд жараёнларининг тартиби ҳақида тушунтиришлар берилди. Мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида гапирилиб, Президент мактаблари бунинг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.


Амалий дарс жараёнида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, суд жараёнларининг қандай тартибда ўтиши, ҳуқуқбузар ва жиноятчиларга бериладиган жазо турлари, етук ҳуқуқшунос ва судья бўлишнинг сир-асрорлари ҳақидаги саволларга суд раиси томонидан батафсил тушунтириш берилди.


Якунда Наманган вилояти суди ҳамда Президент мактаби ўртасида бу каби ҳамкорлик тадбирларини мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.


ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР ТУШУНТИРИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди томонидан Наманган юридик техникумида тадбир ўтказилди.


Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва қонунчиликка киритилган янгиликларни ўқувчи-ёшларга тушунтиришга қаратилган тадбирда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.


Тадбирда шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгилаб берилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича ҳам маълумотлар берилди.


Шу куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ҳам ўтказилиб, ички ишлар идоралари назоратидаги шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди.

Самаджон Қодиров,

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг раиси


ТЎҚҚИЗ ОЙЛИК ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш белгиланган.


2023 йилнинг 19 октябрь куни Наманган вилояти телерадиокомпаниясида вилоят судлари раисларининг ўринбосарлари – жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раислари ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси иштирокида суд идоралари фаолият таҳлилларига бағишланган Брифинг ўтказилди.


Мазкур чиқиш орқали судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.


Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг учинчи чораги давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўриш, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан фаолият, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ифода топди.


Брифингда шунингдек, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Президент фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган суд-ҳуқуқ ислоҳтларига тўхталиб ўтилди.


Мазкур Брифинг айни вақтда “Наманган” телеканали ва “Олтин замин” радиосида тўғридан-тўғри, жонли эфирда намойиш этилган бўлса, Олий суд ва Наманган вилоят судларининг веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди.


Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими


ПРЕЗИДЕНТ НУТҚИ ЎРГАНИЛДИ

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Наманган юридик техникумида тадбир ўтказилди.


Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқида баён этилган ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ўқувчи ёшларга тушунтирилди.


Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини таъкидлагани, ёш авлод ҳақида гапириб, Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифи билдирилганлиги айтиб ўтилди.


Тадбир давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, судьялардан тегишли жавоблар олдилар. Якунда ёшларга юридик адабиётлар совға қилинди.


Skip to content