ҚАДРДОН МАСКАНДАГИ УЧРАШУВ

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов Чуст туманидаги ўзи таълим олган 42-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан учрашди.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни олдидан ташкил этилган йўқлов тадбирида Устозлар, вилоят суди раиси билан бирга ўқиган синфдошлар жам бўлдилар. Мулоқотларда ўқувчилик йиллари ёдга олиниб, болалик хотиралари эсланди. Барча муваффақиятларнинг калити илм-маърифат экани таъкидланиб, ёшларга билим олишдан асло тўхтамаслик бўйича тавсиялар берилди.

Шундан сўнг вилоят суди раиси мактаб жамоасига Наманган вилояти судлари тарихига бағишлаб чоп этилган “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом ҳамда бадиий адабиётлар тўпламини совға қилди. Таълим-тарбия соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчилар, фаол ва ташаббускор ўқувчиларга вилоят судининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мактаб-интернатнинг собиқ ўқувчилари билан бўлиб ўтган мазкур учрашув эртанги фаолиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ташкилотлари билан боғлаш ниятидаги кўплаб ўғил-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.

ЭЪЛОН!

Наманган вилояти суди, туман (шаҳар), туманлараро судларининг суд аппарати ходими лавозими захирасига номзодларни олиш бўйича танлов эълон қилинади.


Танловда олий ва ўрта махсус ўқув юртларини юриспруденция йўналиши бўйича тамомлаган мутахассислар иштирок этишлари мумкин.


Номзодлар аризага маълумотнома (объективка) ва яқин қариндошлари тўғрисидаги маълумотнома, диплом, (чет элда ўқиганлиги тўғрисидаги дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома) паспорт ҳамда меҳнат дафтарчаси нусхаларини илова қилган ҳолда 2024 йил 4 октябрь кунига қадар вилоят судининг Кадрлар бўлимига мурожаат этишлари мумкин.


Изоҳ: Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича Наманган, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Косонсой, Чуст, Мингбулоқ, Тўрақўрғон ва Наманган шаҳар судларида, шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Наманган, Учқўрғон, Янгиқўрғон туманлараро судларида судья ёрдамчиси, девонхона мудири ва архивариус лавозимлари бўйича бўш иш ўринлари мавжуд.


Манзил: Наманган шаҳри, Н.Номонгоний кўчаси, 10-уй.

ҚАДРДОН МАСКАНГА ТАШРИФ

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов Чортоқ туманидаги ўзи ўқиган мактабларга ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар билан учрашди.

Дастлаб 11-сонли умумтаълим мактабида бўлган вилоят суди раиси таълим муассасасида ўтган ўқувчилик йилларини эслаб, билим берган Устозларини, синфдошларини ёдга олди. Ўша пайтлардаги шароитлару бугунги ёшларга, таълим-тарбияга берилаётган эътибор хусусида фикр билдириб, юртимизда ўқийман деган ҳар бир ёш учун барча имкониятлар етарли эканини таъкидлади. Бунинг учун эса билим олишга бефарқ бўлмаслик, кўп китоб ўқиш кераклигини айтиб ўтди. Мактаб жамоасига Наманган вилояти суди томонидан нашр этилган судлар тарихига бағишланган “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом ҳамда бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди. Таълим-тарбия соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчиларга вилоят судининг ташаккурномалари топширилди. Энг асосийси, вилоят суди раисининг ташаббуси билан тез кунларда мактаб ҳовлисини ободонлаштириш ва тадбирлар ўтказиладиган майдончани асфалтлаш бўйича режалар белгилаб олинди.

Кейинги манзил вилоят суди раиси бошланғич таълим олган 49-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Қадрдон синфдошлар, мактаб жамоаси ва ўқувчилар жам бўлган учрашув, интилганга ҳамиша толе ёр эканлигининг амалий ифодаси бўлди. Боиси, бундан 53 йил олдин айни шу мактабда илк бор ўқиш-ёзишни ўрганган собиқ ўқувчи бугун нуфузли идораларда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётганини ёшлар ўз кўзлари билан кўрдилар. Вилоят суди раиси мазкур таълим даргоҳи жамоасига ҳам “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом, бадиий адабиётлар тўплами ва замонавий телевизор совға қилди. Фаол ўқитувчиларга эса ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг вилоят суди раиси мактабнинг 9-синф ўқувчиларига “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида “Мустақиллик дарслари”ни ўтиб берди.

Skip to content