АМАЛИЙ СЕМИНАР

Наманган вилояти маъмурий судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан маъмурий судлар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан жорий этилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллашга доир амалий семинар бўлиб ўтди.

Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва Судьялар олий мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда видеоконференцалоқа тарзида барча ҳудудлардан маъмурий суд судьялари, адлия, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва божхона органлари вакиллари, маҳаллий ҳокимият, давлат идоралари мутасаддилари иштирок этдилар.

Амалий семинарда Президент қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур ҳужжатга кўра маъмурий суд ишларини юритиш тартибига киритилаётган янги институтлар, уларни амалиётда қўллаш бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Тадбир иштирокчиларнинг қонунчилик юзасидан билдирган таклиф ва мулоҳазалари, мавзуга доир муҳим саволлари билан янада қизғин ўтди.

ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ

Наманган вилояти судида суд ходимларининг ота-оналари билан учрашув-мулоқот ҳамда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Учрашувда дастлаб вилоят суди раисининг ўринбосари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, кейинги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, коррупцион омилларни бартараф этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилингани, айниқса, тизим ходимларининг моддий таъминотини жиддий яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига виждонан ёндошиши кераклиги, бунинг учун эса энг аввало коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, фидойилик ва ватанпарварликда ҳаммага намуна бўлиши лозимлиги айтилди.

Бу борада оила аъзоларининг ўрни катта эканлиги, ҳар бир ота-она фарзандининг юриш-туриши, иш фаолиятини назорат қилиб бориши, унинг муаммолари билан қизиқиши, кимлар билан яқин муносабатда бўлаётганидан хабардор бўлиши лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотда ота-оналар сўзга чиқиб, касбга садоқат, ҳалол-поклик тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг, иштирокчилар суд заллари, судья ва ходимларнинг хизмат хоналарида бўлиб, фарзандлари қандай шароитларда фаолият олиб бораётганлиги билан яқиндан танишдилар.      

ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ ЯКУНЛАРИ

Наманган вилояти судида ярим йиллик фаолият якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман-шаҳар судлари судьялари иштирок этдилар.

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов раислик қилган йиғилишда вилоят судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлов ҳайъати, туманлараро, туман-шаҳар судларининг 2025 йилнинг биринчи ярмида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Хусусан, вилоят суди раиси ҳамда ўринбосарлар томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ишлар таҳлили, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳолати, ижро ва меҳнат интизоми ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишлари кенг муҳокама қилиниб, бу борада йўл қўйилган камчиликлар танқид остига олинди. Уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Skip to content