«ПОКЛАНИШ ПАЛЛАСИ» КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ
Наманган вилояти суди томонидан Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Покланиш палласи” номли китоби тақдимоти ўтказилди.
Суд фахрийлари, судьялар ва тизим ходимлари иштирок этган маънавий-маърифий тадбирда дастлаб вилоят суди судьяси Давлатмирза Камилов “Покланиш палласи” рисоласининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритиб, ушбу китобда судьянинг қонун талабларига риоя этиши, касбий масъулият мезонлари, маънавий юксалишга бўлган интилиши, ҳар бир ишни оқибатини ўйлаши лозимлиги, ҳалол ва пок бўлишига оид фикрлар жамланганини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят суди раиси Алишер Усманов сўзга чиқиб, суд фахрийси У. Мингбоевнинг шонли ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар. Устознинг бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Устоз Убайдулла Мингбоев иштирокчилар билан самимий мулоқот қилар эканлар, судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Шундан сўнг “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист”, суд фахрийси Убайдулла Мингбоевнинг дастхатлари туширилган “Покланиш палласи” китоби фахрий меҳмонларга топширилди.