АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛДИ
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманган вилоятининг Косонсой туманида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.
Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида бўлиб ўтган қабулларда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар билан боғлиқ 51 та мурожаатлари кўриб чиқилди. Шундан Олий суд раиси ўринбосари 25 нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларини ўрганган бўлса, Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов 19 нафар, вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова 7 нафар фуқаронинг мурожаатларини тинглади.
Мурожаатларнинг 33 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 10 га яқин мурожаат юзасидан ариза ва шикоятлар Олий суд томонидан ўрганиш учун қабул қилиб олинди. 8 та мурожаат жойида ўз ечимини топди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида ўтказилган сайёр суд мажлисларида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 12 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги муносабати билан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан иш ҳақи, алимент ундириш бўйича мурожаатлар ўрганилиб, суд буйруқлари чиқарилди ва ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 та оила яраштирилди.
Д.Камилов,
Наманган вилояти судининг судьяси