Байрам арафасида аёл судьялар тақдирландилар
Ҳозирда жадал ривожланиб бораётган юртимизда мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини таъкидлаб ўтишимиз жоиздир.
Ушбу Фармонга кўра, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилди.
Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилди.
Бугунги Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида тадбирда суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган ҳамда суд тизими соҳасидан нафақага чиққан аёл судьяларга нисбатан бўлган эътибор суд соҳасида аёлларга нисбатан қилинаётган ғамхўрликларнинг яна бир ёрқин ифодаси эканлиги кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан алоҳида таъкидланиб ўтилди.
Дарҳақиқат, аёл-она, аёл-раҳбар, аёл-вафодор ёр!
Шу боис аёлларимизга қанча эътибор ва ҳурмат билан қарасак, жамиятимизда уларнинг ўрни беқиёс эканлигини кўрамиз.
Юқорида таъкидланганидек, 8-март Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда республикамизда суд соҳасида самарали меҳнат қилиб нафақага чиққан аёл-судьялар, ҳозирда тизимда фаолият кўрсатаётган фаол аёл-судьяларимиз қатори, вилоятимизда ҳам ушбу соҳада ишлаб келган бир қатор аёл судьялар кенгашнинг махсус эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Жумладан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун таъсис этилган «Суд фахрийси» кўкрак нишони билан Ойдина Сулаймановага ва ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси вазифасида меҳнат қилиб келаётган Наргис Халиловага мукофотлар топширилди.
Бундан ташқари, Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипа Қурбонова Судьялар олий кенгашининг махсус соврини ҳисобланган эсдалик “Қўл соати” билан ва Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича Муҳайё Дедамирзаева “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирландилар.
Ўйлаймизки, давлатимиз томонидан аёл-судьяларга бўлган чинакам эътибор, ғамхўрлик ва уларни меҳнатини муносиб тарзда тақдирлаш ишлари суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.
Бахтиёр Касимов,
Наманган вилоят судининг судьяси