ГЎЗАЛЛИК ВА НАФОСАТ БАЙРАМИ

Наманган вилояти судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда дастлаб Судьялар олий кенгаши қарорига асосан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган фахрий судьяларга мукофотлар топширилди. Наманган вилоятидан бундай эътирофга кўп йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб бориб, кўплаб шогирдлар тарбиялаган Тоҳирахон Мўйдинова лойиқ кўрилдилар. Устозга кўкрак нишонини вилоят суди раиси Алишер Усманов топшириб, байрам билан муборакбод этди. Шунингдек, фахрий судья Мелихон Ташбаева Судьялар олий кенгашининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди. Шу куни суд фахрийсининг 70 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси ва вилоят судининг Мелихон Ташбаевага йўллаган табриклари ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизларни гўзаллик ва нафосат байрами билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Ҳар бир суд фахрийси, судьяларга мазкур табрик топширилиб, уларнинг одил судлов фаолиятини амалга ошириш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги беқиёс хизматлари эътироф этилди.

Тантанали тадбирда шунингдек, Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Наргиза Аҳадовага вилоят ҳокими томонидан эълон қилинган фахрий ёрлиқ топширилди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Наманган вилояти суди раисининг ҳам бир гуруҳ аёлларни тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилиниб, унга кўра Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муяссар Султонова, вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Дилдора Хатамова, Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Сайёра Боқиева, фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг судья ёрдамчиси Камола Раймалиева, жиноят ишлари бўйича Чуст тумани судининг архив мудири Дилоромхон Раҳимова, жиноят ишлари бўйича Поп тумани судининг архив мудири Маърифат Абдуллаева, жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани судининг архивариуси Озодхон Рашидова ҳамда Олий суд ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг вилоят ҳудудий бўлими раҳбар котиби Муножат Бахритдинова фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар. Шу билан бирга бир гуруҳ хизмат кўрсатиш ходимларига вилоят судининг ташаккурномалари топширилди.

Тадбир давомида суд фахрийлари, судьялар мунис ва мўътабар аёлларни байрам билан табриклаб, самимий тилаклар билдирдилар.


Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими