ЕРГА ЭГАЛИК ҚИЛИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МУНОСАБАТЛАР ТАРТИБГА СОЛИНДИ

Мамлакатимизда мунтазам амалга ошириб келинаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида кўчмас мулкка бўлган муносабат ижобий томонга ўзгариб, жисмоний ва юридик шахсларнинг бу борадаги ҳуқуқлари ҳимояси кучайтириб борилмоқда.

2021 йил 16 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳам мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилди.

“Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш” деб номланган 60-модданинг диспозицияси ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деб номланган иккинчи қисми ҳамда “Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади” деб баён этилган учинчи қисми мазкур қонунга асосан “Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш” деб номланган иккинчи, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, ажратилган ер участкасига туташ бўлган ва туташ бўлмаган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш” деб номланган учинчи ҳамда “Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади”, тарзида ифодаланган тўртинчи қисмлар билан алмаштирилди ва ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек кодекснинг аввалги таҳририда “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик деб номланган” 601-модданинг матни “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрилмаганлиги” тарзида ифодаланган бўлса, янги таҳрирда “Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрилмаганлиги, шу жумладан ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги факти тўғрисида ваколатли органлар хабардор этилмаганлиги” тарзида ифодаланиб, ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги факти тўғрисида ваколатли органлар хабардор этилмаганлиги учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланди.

“Хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш деб номланган 68-модданинг номи “Ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш” тарзида баён этилган.

Мазкур модданинг “Тасдиқланган ер тузилиши лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш” тарзида ифодаланган биринчи диспозицияси, “Тасдиқланган ер тузиш лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш” тарзида баён этилди.

Кодекснинг “Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” деб номланган 681-моддаси янги таҳрирда баён қилинган.

Жумладан, модданинг номи аввал “Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” деб номланган бўлса, ушбу таҳрирда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” деб номланди.

Ҳуқуқбузарлик учун жазо сифатида фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача жавобгарлик назарда тутилган бўлса, янги таҳрирда фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима белгиланган.

Шунингдек, “Чегара ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш” деб номланган 69-модда янги таҳрирда баён этилган.

Жумладан, модда “Чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш” деб номланган.

Ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдордаги жарима жазоси ўрнига фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазоси тайинланиши кўрсатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ушбу ўзгаришлар кўчмас мулк билан боғлиқ муносабатларда келиб чиқадиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашда самарали воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Умида Нишонова,

Наманган вилояти маъмурий суди судьяси

Аҳаджон Джалолов,

судья катта ёрдамчиси