ЗАМОНАВИЙ ЁНДАШУВ, АМАЛИЙ КЎНИКМА

Ўқувчи-ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини оширишда таълим муассасаларида йўлга қўйилган замонавий ёндашувларнинг ўрни муҳим. Айни жиҳатдан, Наманган шаҳридаги Президент мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига ташриф буюрдилар.


Дастлаб ўқувчилар суд биносидаги шарт-шароитлар билан танишдилар. Шундан сўнг жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳир суди раиси томонидан “Қонун ва жиноятчилик” мавзусида амалий дарс машғулоти ўтиб берилди.


Унда суд ҳокимияти, қонунчилик нормалари, суд жараёнларининг тартиби ҳақида тушунтиришлар берилди. Мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор ҳақида гапирилиб, Президент мактаблари бунинг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.


Амалий дарс жараёнида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, суд жараёнларининг қандай тартибда ўтиши, ҳуқуқбузар ва жиноятчиларга бериладиган жазо турлари, етук ҳуқуқшунос ва судья бўлишнинг сир-асрорлари ҳақидаги саволларга суд раиси томонидан батафсил тушунтириш берилди.


Якунда Наманган вилояти суди ҳамда Президент мактаби ўртасида бу каби ҳамкорлик тадбирларини мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди.