ЙИЛ ЯКУНЛАРИ САРҲИСОБИ
Йил якунида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб, ижобий натижаларни эътироф этиш келгуси муваффақиятларнинг муҳим омилидир. Наманган вилояти судида бўлиб ўтган тадбирда ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Суд фахрийлари, судьялар ва ходимлар, уларнинг ота-оналари иштирок этган байрам тадбирида Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов 2023 йил давомида вилоят судларида олиб борилган ислоҳотлар, одил судловни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтди. Суд тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар одил судлов самарадорлигида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган. Байрам шодиёналари арафасида кўп йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият олиб борган Муслимхўжа Муҳиддинов Судьялар олий кенгашининг “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбирда кўкрак нишони ўз эгасига топширилиб, устозга эҳтиром кўрсатилди.
Уcтозларнинг ҳаёт йўллари барчамиз учун ибрат мактабидир. Уларга эъзоз ва эътибор кўрсатиш эса эзгу анъана. Шу жиҳатдан, вилоят суди раиси суд фахрийлари Маҳмуджон Қурбонов ҳамда Илҳомжон Эрагашовга суд тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнатлари эътирофи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди раиси томонидан юборилган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Фахрийларни байрам билан муборакбод этиб, эсдалик совғаларини топширди.
Тадбирнинг яна бир эсда қоларли лаҳзалари тизимда самарали фаолият олиб бораётган судья ва суд ходимларининг ота-оналарига ташаккурнома топшириш жараёни бўлди. Зеро, фарзанди ҳақида илиқ фикрлар, унинг орқасидан раҳмат эшитиш ҳар бир ота-она учун энг катта бахт. Бундай шарафга фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг раиси Тожиддин Мадраҳимов, жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг раиси Бахтиёр Обидов, Наманган вилояти судининг судья катта ёрдамчиси Сардор Одилов ҳамда Наманган туманлараро иқтисодий судининг судья ёрдамчиси Толибжон Тўраевнинг ота-оналари лойиқ кўрилиб, уларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Йил сарҳисоби сифатида ташкил этилган тадбирда ўз фидойилиги билан намуна кўрсатаётган Наманган вилояти судининг бир гуруҳ ходимлари, шунингдек, суд тизими тарихи ва бугунини акс эттирувчи китоб тайёрлашга муносиб ҳисса қўшаётган фахрий журналист Раҳимжон Ирисов ҳам эътироф этилди. Тадбир давомида бошқа лавозимга ўтган судьялар тантанали тарзда кузатилиб, янги лавозимга тайинланган судъялар таништирилди. Уларнинг келгусидаги фаолиятларига муваффақият тиланди.