Нотариуслар иштирокида семинар ўтказилди

Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларининг судьялари, вилоят Нотариал палатасининг вакиллари ҳамда нотариуслар иштирокида “меросни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўтган йилларга нисбатан охирги 2 йил ичида вилоятимизда судлар томонидан бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг сони бирмунча камайган бўлсада, лекин бугунги кунда ҳам бундай салбий ҳолатлар учраб турибди. Бунинг оқибатида фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиб, улар ўз бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун судларга мурожаат қилиб, ўзларининг кўп вақтларини ва маблағларини сарфлашга мажбур бўлмоқдалар.

Жумладан, 2021 йилда судлар томонидан  судлар томонидан 13 та ҳолатда нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган. 2022 йилнинг  ҳозирги кунида қадар 6 та ҳолатда нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг талабларига кўра, мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу модда қоидалари васият мажбуриятига нисбатан ҳам қўлланилади. Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда она (ота) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек унинг ҳам ота, ҳам она тарафдан бобоси ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси ва холаси тенг улушларда қонун бўйича учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар, бунда яқинроқ қариндошлар узоқроқ қариндошларга нисбатан мерос олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Ворисликка чақириладиган тўртинчи навбатдаги ворислар тенг улушларда мерос оладилар.

Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, агар улар ФКнинг 1141-моддаси асосида мерос олмасалар, қонун бўйича бешинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади, бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Бола, невара, чевара, эвара меросхўрлигида тақдим қилиш ҳуқуқи қариндошлик даражаси чекланмаган ҳолда амал қилади, ён қариндошлик бўйича меросхўрликда тақдим қилиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг туғишган ака-укалари (опа-сингиллари) номидан унинг жиянлари ёхуд мерос қолдирувчининг туғишган амакиси (тоғаси) ёки аммаси (холаси) номидан унинг амакиваччалари (тоғаваччалари) ва аммаваччалари (холаваччалари) эга бўладилар.

Агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди.

Мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган ва у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар қонун бўйича меросхўрлар жумласига киради. Қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

ФКнинг 1136 –– 1138-моддаларида кўрсатилган қонун бўйича меросхўрлар жумласига мансуб бўлган, бироқ ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари доирасига кирмайдиган меҳнатга қобилиятсиз шахслар, мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар, агар мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида турган бўлсалар, ана шу ворисликка чақириладиган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар.

Юқорида қайд этилган нотариал ҳаракатларнинг бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилишига нотариуслар томонидан мерос гувоҳномаларини берилишида барча меросхўрларни доирасини тўлиқ аниқламаганликлари, айрим м.ф.й. лар томонидан вафот этган шахснинг барча меросхўрлари ҳақида нотўғри маълумотлар берилганлиги, кадастр хизматлари томонидан мерос қолган уй-жойнинг сатҳи, унинг жойлашуви, ундаги қурилган қурилмалар ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотлар берилмаганлиги сабаб бўлган.

Семинарда судьялар ва нотариуслар томонидан меросни расмийлаштириш билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Зеро, Бизнинг асосий мақсадимиз келгусида юқорида қайд этилган камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўришдан иборатдир.

Наманган вилоят судининг судьяси                                                       Алишер Қўчқоров

Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланиш аҳоли моддий фаровонлигини оширади

Ер — даромад манбаи. Бу гап халқимиз тилида неча асрлардан буён қайта-қайта такрорланиб ўз тасдиғини топган нақлдир. Зеро ҳар қандай замонда ҳам инсонни ер боқади.

Фуқароларимиз мамлакатимиздаги шароит ва имкониятларни тўғри тушунган ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто, шундай хонадонлар борки, йиллар давомида ўзига тегишли ерларни оиласининг асосий даромад манбаига айлантирган.

Президентимиз бошчиликларида мамлакатимиз аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг моддий фаровонлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу йўналишда бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Мамлакатимизда пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сонли қарори қабул қилинди.

Шунга асосан 2022 — 2025 йилларда давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан фуқароларга 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида бериладиган 200.038 гектар ер майдонлари ажратилиши белгиланиб, Республикада 2022 йил давомида 80.000 гектар ер майдони электрон танлов асосида ғолиб бўлган фуқароларга топширилиши кўзда тутилган.

Қарорда 2022-2025 йиллар давомида Наманган вилоятининг туманларида фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган ерлар ҳисобидан очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида бериладиган 11.100 гектар ер майдони ажратиш белгиланди. 

Таъкидлаш жоизки, республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бугунги кунда дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган.

Жумладан, ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият яратилди.

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-IJARA» ахборот тизими орқали амалга оширилиб, «E-AUKSION» электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов ўтказиш орқали ижарага берилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик берилиши кўзда тутилган.

2022 йилда вилоят бўйича 6349 гектар ер майдони қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича Республика “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти “Намвилерлойиҳа” Наманган вилояти бўлинмаси томонидан материаллар тўпланиб, лойиҳалар тайёрланиб,  кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиб, «E-AUKSION» электрон савдо платформасига чиқариш ишлари давом эттирилмоқда.

Бугунги кунга қадар  вилоятда «E-AUKSION»да қатнашиш учун 72.798 та ариза келиб тушган бўлиб, танлов асосида 34.143 нафар ғолиб аниқланган.

Наманган вилояти, туманлараро, туман (шаҳар) суди раислари ва Қишлоқ хўжалиги бошқармаси, фермерлар кенгаши, “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти, ҳокимликлар ходимлари иштирокида вилоятнинг 11 та туманида танловда ғолиб чиққан фуқароларга ўзи яшаб келаётган маҳаллаларда семинарлар ташкил этилиб, ердан фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Норин туманида 51 маҳалладан 4.414 нафар, Учқўрғон туманида 64 маҳалладан 4.624 нафар, Поп туманида 77 маҳалладан 4.690 нафар, Чуст туманида  70 маҳалладан 1.735 нафар электрон танловда ғолиб бўлган фуқароларга ер майдони ажратилиб, тегишли ҳужжатлар билан , методик қўлланма тарқатилди. Шу билан бирга вилоятнинг бошқа туманларида ҳам 18.680 нафар танлов ғолибларига ер участкалари  ажратилиб, ерга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома, ордер ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ишлаб чиқилган “Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича “МЕТОДИК ҚЎЛЛАНМА”” тарқатилди.

Методик қўлланмада давлат томонидан аҳолининг кенг қатламларини меҳнат билан банд қилиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолининг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш мақсадида ажратилган
ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, деҳқон хўжалиги еридан оқилона фойдаланмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилиниши, тушунтириб ўтилган.

Ўтказилган тадбирлар давомида судьялар томонидан ғолиб фуқароларга “Ер участкасининг ижараси ер участкасига ижара шартномаси шартларида муддатли, ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишдан иборатлигини, берилган ер участкалари олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмаслигини, Ер участкасига бўлган ҳуқуқ жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг чизмалари ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши, ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари,  ер участкаси ижараси тўғрисида, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши, ер қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик борасида кенг тушунтириш берилди.

Туманларда ўтказилган тадбирлар давомида Президентимиз ерларни ажратишда устуворлик энг аввало маҳалладаги шароити оғир, лекин ишлашга иштиёқи баланд оилаларга берилишини ва бунга ҳоким ёрдамчилари бош қош бўлишини қайд этиб ўтганликлари таъкидланиб, ер майдони ажратиш эмас, балки аҳолини даромадини ошириш учун имконият яратиш бўлиб, ерни ижарага олган оила йил давомида яхши ишласа камида 40-50 млн. сўм даромад топиши кераклиги ҳамда даромад билан ойига 3-4 млн. сўм даромад олиши орқали ўрта ҳол оилага айланиши мумкинлиги ҳам айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Қарор ижросини таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Наманган вилоят суди жамоатчилик

ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Байрам арафасида аёл судьялар тақдирландилар

 Ҳозирда жадал ривожланиб бораётган юртимизда мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.

  Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
7 декабрда қабул қилинган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини  таъкидлаб ўтишимиз жоиздир.

Ушбу Фармонга кўра, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмлар яратилди.

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилди.

Бугунги Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида тадбирда суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган ҳамда суд тизими соҳасидан нафақага чиққан аёл судьяларга нисбатан бўлган эътибор суд соҳасида аёлларга нисбатан қилинаётган ғамхўрликларнинг яна бир ёрқин ифодаси эканлиги кенгаш раиси Холмўмин Ёдгоров томонидан алоҳида таъкидланиб ўтилди.

Дарҳақиқат, аёл-она, аёл-раҳбар, аёл-вафодор ёр!

Шу боис аёлларимизга қанча эътибор ва ҳурмат билан қарасак, жамиятимизда уларнинг ўрни беқиёс эканлигини кўрамиз.

Юқорида таъкидланганидек,   8-март Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан ўтказилган видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда республикамизда суд соҳасида самарали меҳнат қилиб нафақага чиққан аёл-судьялар, ҳозирда тизимда фаолият кўрсатаётган фаол аёл-судьяларимиз қатори, вилоятимизда ҳам ушбу соҳада ишлаб келган бир қатор аёл судьялар кенгашнинг махсус эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Жумладан, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун таъсис этилган «Суд фахрийси» кўкрак нишони билан Ойдина Сулаймановага ва ҳозирда фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси вазифасида меҳнат қилиб келаётган Наргис Халиловага мукофотлар топширилди.

Бундан ташқари, Наманган вилоят маъмурий судининг раиси Зарипа Қурбонова Судьялар олий кенгашининг махсус соврини ҳисобланган эсдалик “Қўл соати” билан ва Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича Муҳайё Дедамирзаева “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирландилар.

Ўйлаймизки, давлатимиз томонидан аёл-судьяларга бўлган чинакам эътибор, ғамхўрлик ва уларни меҳнатини муносиб тарзда тақдирлаш ишлари суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Бахтиёр Касимов,

Наманган вилоят судининг судьяси                                                                 

Одам савдосини — давр муаммоси

Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Норин туман суди томонидан туман Тиббиёт бирлашмаси бўлим мудирлари, врачлар ва хамширалардан иштирокида “Одам ва чақалоқ совдосини олдини олиш муҳим вазифа” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича кенг кўламли иш олиб борилмоқда.

Тадбирда, Тиббиёт бирлашма бош врач ўринбосари М.Собиржонов сўзга чиқиб, бирлашма бўлим мудирлари ва барча ходимлари ўртасида мунтазам равишда “Одам саводоси, чақалоқлар ва болалар савдоси” бўйича раҳбарият ва фаоллар томонидан мунтазам ходимлар ўртасида тегишли тарбиявий ишларни олиб бориш, жиноятчиликни олдини олиш масаласида тарғибот ишлари, очиқ мулоқотлар ўтказиш ишларини кенг йўлга қўйиб, чора-тадбирлар белгилаб, уларнинг ижросини тўла таъминлашни борасида бир қатор ишлар олиб борилаётганлиги тўғрисида гапириб ўтди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.

Бобир Эргашев,

ЖИБ Норин туман суди раиси

Қайнотасини пичоқлаган шахснинг жазоси аслича қолди

Фуқаро У.А. 2021 йилнинг июль ойи бошларида турмуш ўртоғи Н. билан муросалари келишмагани учун турмуш ўртоғи ота уйига кетиб қолган. Шундан сўнг У.А. ишлаш мақсадида Наманган шаҳрига кетган. Кечки вақт ишдан уйиига қайтганида турмуш ўртоғи йўқлигини билиб, қайнотаси А.Қ.га телефон қилган ҳамда турмуш ўртоғи ва фарзандларини олиб кетишини айтганида қайнотаси эртасига олиб кетасан деб, айтишига қарамай У.А. унинг маслаҳатига қулоқ солмасдан маст ҳолатда қайнотасининг ишхонасига борган.

А.Қ. куёви келганини кўриб, у билан ташқарида гаплашиб олмоқчи бўлган. У.А.нинг мастлигини билиб унга ҳолатни тушунтиришга уринади аммо У.А. ўзини айтганини қилмоқчи бўлади. Натижада, ўзаро тортишув катта жанжалга айланган ва У.А. ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан А.Қнинг қорнига ва чап елка қисмига бир маротаба уриб тан жароҳати етказган. Уларни ўша ердаги ишчилар ажратиб А.Қга тез ёрдам чақиришган. Агар ишчилар ажратмаганда бу ҳолат янада аянчли тугарди.

У.А. ўзининг бу хатти-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Биринчи инстанция суди У.А.га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиб, уни Жиноят кодекси 104-моддасининг 2-қисми “л” банди билан айбдор деб топиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози бўлиб У.А. апелляция тартибида шикояти келтирган. Шикоятда, суд ҳукмидан норозилиги ҳақида важлар келтириб, инсонпарварлик тамойилини қўллаб, адолатли ажрим чиқаришни сўраган.

Апелляция инстанция суди шикоятни кўриб чиқиб, иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, У.А. совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ашё ўткир тиғли кесувчи пичоқни ишлатиб, А.Қ.га ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўла текшириб, “Қурол тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумнинг “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги, “Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорларидаги тушунтиришларига амал қилиб, У.Ага ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан тўғри квалификация қилганлиган деб, унинг шикоятини қаноатлантиришни рад қилди.

Жамшид Мамуров, Наманган вилоят судининг судьяси

Аёл оиласи бағрига қайтди

Судланувчи М.Б. 2021 йил 6 апрель куни   “ООО “Номеlands” МЧЖ раҳбари М.Мнинг ишончига кириб, жамиятга тегишли бўлган умумий қиймати 20.500.000 сўмлик 5 дона “ВАOYU” русумли тикув машиналарини кредит шартнома асосида олиб, пулларини банкдан оладиган кредит пулларидан ўтказиб беришлигини айтиб, уни алдаб, шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган фуқарога 12.500.000 сўмга сотиб юбориб, пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

            Судда М.Б. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2021 йил май ойи ўрталарида “Ўрта” МФЙ томонидан кам таъминланган оилалар қаторида бўлганлиги сабабли, “ООО Номеlands” МЧЖ томонидан тикув машиналари тарқатилаётганлигини билгани, кимнинг ушбу дастгоҳларни олиш нияти бўлса, жамият билан шартнома тузишлигини айтишгани, 2021 йил апрель ойи бошларида “ООО Номеlands” МЧЖ билан 5 дона тикув машинасига шартнома қилгани, яшаш хонадонида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтгани, жамият томонидан 15 кундан сўнг унга тикув дастгоҳлари етказиб берилгани, шундан сўнг яшаш хонадонига нотаниш бўлган фуқаро келиб, тикув дастгоҳларини сотишини айтиб, унга нақд пул беришини айтгани, шу вақтда пулга муҳтожлиги сабабли 5 дона тикув дастгоҳининг ҳар бир 2.500.000 сўмдан жами 12.500.000 сўмга сотиб юборгани, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани, шундан сўнг яшаш хонадонига жамият раҳбари М.Маматқулов келиб, тикув дастгоҳлари пулларини сўрагани, у тикув дастгоҳларини сотиб юборганини айтгани, ҳозирда етказилган зарардан 4.320.000 сўм пулларни қайтаргани, қолган зарарни қоплашга имконияти йўқлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўради.

М.Б. ўзининг бу ҳараткати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Биринчи нстанция суди М.Б. томонидан етказилган зарар қопланмагани сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Суд ҳукми чиқарилганидан сўнг М.Б. ва унинг қариндошлари тўғри хулоса чиқариб, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаб, М.Б. томонидан апелляция шикоят, туман пркуорори томонидан апелляция тартибида протест келтирилган.

Наманган вилоят суди апелляция инстанцияси томонидан фуқаро М.Б.нинг шикояти ва туман прокурорининг протести кўриб чиқилди.

Апелляция инстанциясида, жабрланувчи М.М. судланувчи М.Б.нинг турмуш ўртоғи томонидан етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани, судланувчи М.Б.га нисбатан даъвоси йўқлиги, енгиллик беришни сўраб, ариза тақдим этган.

Аппеляция судлов ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 21 майдаги 4-сонли “Жазоларни либераллаштириш тўғрисидаги қонунни иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга нисбатан қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қароридаги тушунтиришларни ҳамда жабрланувчи М.Мга етказилган зарар қоплангани сабабли жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман судининг М.Б.га нисбатан чиқарилган ҳукмини ўзгартириб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан тайинланган 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирди.

Илёсжон Усмонов, Наманган вилоят судининг судьяси

Маъмурий судга тааллуқли ишлар доираси кенгаймоқда

Барча ривожланган давлатларда маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмни жорий қилиш долзарб вазифа сифатида белгиланган. Мамлакатимизда ҳам мана шундай механизмлардан бири ўлароқ янги ташкил топган маъмурий судлар фаолиятини такомиллаштиришга оид кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги фармони билан 2021 йил 1 январдан Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шахрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этилиб, шу муносабат билан туман (шахар) маъмурий судларини тугатилди. Янги ташкил этилган туманлараро маъмурий судлар маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилганлиги билан ахамиятли. Янгидан шакллантирилган маъмурий судларга Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддаси талабига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа  оммавий – ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқли.

Ҳозирга келиб маъмурий судлар маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устиворлигини, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаларини бажариб, ўз навбатида суднинг маъмурий идоралар устидан назарати институтини таъминламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-моддаси талабига кўра, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ёки фуқарони ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши лозим. Шунингдек, зарар қайси давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган бўлса, суднинг қарори билан зарарнинг ўрнини қоплаш ушбу органлар мансабдор шахсларининг зиммасига юклатилиши мумкинлиги белгиланган.

Маъмурий суднинг судловига давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг оммавий ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқувчи қарорлари шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашишга оид ишлар тааллуқли бўлса-да, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиниши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарни ундириш фуқаролик ёки иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилиши қонунда белгиланган эди. Мазкур низоларнинг судловга тааллуқлилиги оид мазкур қонун талаби фуқаро ва юридик шахсларни сарсон бўлишига ва бир суддан бошқа судга мурожаат этишига мажбур қилар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январ куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субьектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғриси”даги 107-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субьектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши таъкидланган ҳолда, маъмурий судларнинг ролини кучайтиришга қаратилган бир қатор тартибларни процессуал қонун ҳужжатларида белгилаш назарда тутилди.

Қарор билан маъмурий суднинг судловига таалллуқли ишлар доирасини кенгайтириб, фуқаро ёки тадбиркорлик субьектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам билдириш ҳуқуқини бериш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Бунда шунга эътибор қаратиш лозимки,
маъмурий суднинг судловига тааллуқли эканлиги белгиланаётган зарар ундиришга оид талаб бевосида оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан унга сабабий боғланишда бўлиши назарда тутилмоқда.

Шу ўринда зарар деганда, ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол –мулки йўқолиши ёки шикастланиши, (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берган фойда) тушунилади.

Шу билан бирга, мазкур қарор билан шундай тартиб белгиланмоқдаки, энг аввало фуқароларни ва тадбиркорларни судда ортиқча сарсон бўлмаслигини олдини олиш мақсадида судлар томонидан даъво ариза, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, мазкур ҳолатда даъво ариза, ариза, шикоят ёки ишларни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш йўли орқали ягона дарча тамойилини судларга жорий этиш белгиланмоқда.

Ислохотлардан кўзланган мақсад, адолат ва қонун устуворлиги таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган.

Умида Нишонова,

Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси,

Жасурбек Убайдуллаев,

судья катта ёрдамчиси

“Ловия” ўғрисига жазо тайинланди

Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк ҳуқуқи дахлсиз ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.

Ўғрилик жинояти, талон-торож қилиш жиноятининг шаклларидан бири сифатида, унинг бошқа турларидан жиноий қилмишни содир этиш усули билан фарқ қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорида “Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланиши тушунтириб ўтилган.

Суд амалиёти шуни кўрсатадики, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш ёки ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан бири ҳисобланади. Айбдор қонунга хилоф ва яширин равишда яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди.

Кейинги вақтлар олиб борилаётган тарғибот ташвиқот ишларига қарамай ўғирлик жинояти ортиб бораётгани кўринади, 2021 йил давомида Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан 37 шахсга нисбатан 29 ўғирлик жинояти оид ишлар кўриб чиқилган. Бу 2020 йилга нисбатан 22 тага ошган.

Шу ўринда бир мисолга эътибор қаратсак.

Айни қирчиллама ёшида ўғирликни ўзига касб қилганлар ҳақида эшитсанг, “наҳот, оталик, фарзандлик бурчини бажаришни ўйламади ёки ота-онасининг, яқинларининг юзини ерга қаратишдан уялмади?” деган ўй келади хаёлингга.

Судланувчи К.Қодиров (исмлари ўзгартирилган) фойдали иш билан шуғулланиш ўрнига ўзига ўғирликни касб қилиб олди.

2021 йил январь ойида К.Қодиров фуқаро А.Ёқубовнинг яшаш хонадонига дарвозаси очиқ турганидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда кириб, унинг дарвозахонасида тўхтаб турган “Damas” автомашинасининг бардачогида бўлган 1.045.000 сўм нақд пулларни ва дарвозахонасида бўлган бозор нархи 900.000 сўмлик 2 дона қопдаги ловия маҳсулотларини ўғирлаб, кетиб ловияларни номаълум шахсларга сотиб юбориб пулини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Унга бу ишини гўёки ҳеч ким суриштирмаётган кўринди. Осон пул топиш ёқиб қолганидан К.Қодиров 13 январь куни Янгиқўрғон тумани, “Гулшан” МФЙ ҳудудида жойлашган фуқаро А.Машрабовга тегишли автомашиналарни эҳтиёт қисмларини сотиш дўконидан бозор нархи 700.000 сўмлик эҳтиёт қисмларини ўғирлаб, Наманган шаҳрига олиб келиб сотиб юборган.

Қарасаки ҳамма иш хамирдан қил суғиргандай бўляпти. Бу сафар у каттароқ нарсани қўлга киритишни хоҳлаб, 14 январдан 15 январга ўтар кечаси фуқаро Х.Турсуновнинг яшаш хонадони олдида турган “Damas” русумли, автомашинасини олиб қочишга уринади. Автомобилни ойна қисмини очиб машинани очади ва автомашинани юргизмасдан 50-60 метр масофага суриб боради. Кейин атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач автомашина замок қисмини бузиб симларни бир-бирига улаб юргизмоқчи бўлади. Аммо унинг бу ҳаракати амалга ошмайди. Шундан сўнг автомашинанинг бардачогида бўлган 36.000 сўм пулларни ўғирлаб, аатомашинани жойида қолдириб, яширинади.

Барча жабрланувчилар ўғирлик содир этилган кунинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига ариза билан мурожаат қилишганди. К.Қодиров суриштирув олиб борилаётганини эшитиб қолиб, қочиб кетади, шундан сўнг унга нисбатан қидирув эълон қилинади.

Олиб борилган суриштирув ва қидирув ишлари натижасида 2021 йил сентябрь ойида К.Қодиров қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилади.

К.Қодировга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди ва 267-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб жиноят ишини кўриб чиқиш учун суд юборилган.

Судда К.Қодиров айбига қисман иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини айтган бўлсада, аммо жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаш учун имконияти йўқлигини айтган.

К.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди, 267-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ушбу кодексининг 59-моддаси 3-қисми тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Хулоса қилиб айтганда, бу ҳаётда ҳеч ким жиноятчи бўлиб дунёга келмайди. Ҳар қандай ота-она фарзандининг улғайиб, оила қуриб ширин ташвишлар билан яшашини истайди. Афсуски, турли баҳоналар қилиб, ўғирликка қўл ураётган, ўзгалар мулкига кўз олайтираётганларнинг орамизда борлиги ачинарли ҳолат.

Бундай жиноятларни олдини олиш борасида судлар томонидан нафақат тарғибот ишлари, балки бу йилдан ўғирлик жиноятни билан боҳлиқ суд ишларини содир этган шахслар яшайдиган МФЙларда ва жиноятчилик ошган маҳалларда сайёр судларни ўтказишни янада кўпроқ ташкил этиб, жиноятнинг салбий оқибатлари тушунтиришни мақсад қилиб олдик.

Шухратжон Қурбонов,

ЖИБ Янгиқўрғон туман судининг раиси

Skip to content