Наманган шаҳрида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг сайёр қабули ўтказилди.

Жорий йилнинг 29 июнь куни Наманган вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Б.Касимов, Наманган туманлараро маъмурий судининг раиси О.Зиявиддинов ва жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди раиси С.Қодировлар томонидан Наманган шаҳрининг  “Озод”, “Дамбоғ”, “Шодлик”, “Гузар”, “Янги ҳаёт”, “Илғор” ва “Шарқ тонги”   маҳалла фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг сайёр қабуллари ўтказилди.

Сайёр қабуллар жараёнида  хотин-қизлар ўзларининг уй-жой, алимент ундириш, оила ва никоҳ муносабатлари, давлат органларининг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда жиноят ишлари бўйича турмуш ўртоқларига нисбатан жазо чораларини ўзгартириш масалаларида мурожаатлар қилдилар. Сайёр қабул вақтида мурожаат қилган 29 нафар хотин-қизларнинг 9 нафарини мурожаатлари қаноатлантирилди. Уларнинг барчаси вояга етмаган фарзандлар таъминоти учун алимент ундириш масаласида қилинган мурожаатларни ташкил қилди. Қолган 20 та мурожаатларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва улар бўйича хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг сайёр қабулларини Наманган шаҳрининг Давлатобод ва Янги Наманган туманларида “маҳаллабай” ўтказиш юзасидан алоҳида режа ишлаб чиқилиб, бундай тадбирларни ҳар ҳафта мобайнида ўтказиш белгиланган.


Вилоят судининг судьяси                                                                                           Б.Касимов