СУД ХОДИМЛАРИ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА БЕЛЛАШДИЛАР

Наманган вилояти суди томонидан Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган спорт мусобақалари ўтказилди. 


Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” мажмуасида спортнинг шахмат-шашка, стол тенниси турлари бўйича ташкил этилган турнирда Наманган вилояти судлари ҳамда вилоят маъмурий судининг судья ва ходимлари иштирок этдилар.

Суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов барча иштирокчиларга омад тилади.


Мусобақаларда жами 80 нафар судья ва ходимлар қатнашдилар. Шундан 16 нафари хотин-қизлар бўлиб, иштирокчилар ақлий салоҳиятларини шахмат-шашка беллашувларида синовдан ўтказган бўлсалар, стол тенниси баҳсларида эпчиллик ва чаққонликларини намоён этдилар.


Беллашувлар қизиқарли ва муросасиз вазиятларга бой бўлди. Дастлаб ҳар бир спорт тури бўйича кучлилар саралаб олиниб, кейинги босқичда ўзаро беллашдилар. Мусобақаларнинг ярим финал, финал баҳсларида эса барча рақибларини мағлуб этган спортчилар куч синашиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдилар.

Хусусан, аёллар ўртасида бўлиб ўтган стол тенниси мусобақаларида Наманган вилояти маъмурий судининг иш юритувчиси Мадина Нормирзаева биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг судьяси Майрамхон Сидиқова эгаллаган бўлса, учинчи ўрин ҳам мазкур суд судьяси Санобар Тўрабоевага насиб этди. Хотин-қизлар ўртасидаги шашка беллашувларида Наманган вилояти судининг судья катта ёрдамчиси Маҳфуза Мамадалиевага тенг келадиган рақиб топилмади. Иккинчи ўрин Наманган вилояти судининг иш юритувчиси Лола Хожашбаевага насиб қилди. Учинчи ўринни эса фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси Соҳибахон Юлчиева эгаллади.


Эркаклар ўртасида ўтказилган стол тенниси баҳслари чин маънода ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Кескин беллашувлар остида кечган мусобақада биринчи ўрин Наманган туманлараро иқтисодий судининг ходими Шоҳруҳ Шамсиддиновга, иккинчи ўрин жиноят ишлари бўйича Наманган туманлараро суди раиси Акмал Кенжабоевга, учинчи ўрин судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилоят ҳудудий бўлими ходими Акмалхон Қосимхоновга насиб этди.


Ақл чархи ҳисобланган шахмат белашувларида биринчи ўринни Наманган вилояти судининг бош консультанти Абдужалилхўжа Икрамов қўлга киритди. Иккинчи ўринни Наманган вилояти судининг судьяси Авазбек Инамов эгаллаган бўлса, учинчи ўринни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси Алижон Қаҳрамонов қўлга киритди.

Мусобақанинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят судининг раиси ва ўринбосарлари ғолибларга диплом, медаллар ва эсдалик совғаларини топширдилар. Спорт мусобақаларини ўтказишда яқиндан ёрдам берган “Баркамол авлод” спорт мажмуаси раҳбарлари ҳамда мусобақа ҳакамларига миннатдорчилик билдирилиб, Наманган вилояти судининг қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.


Наманган вилояти судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими