«СУДЬЯ ВА ЁШЛАР» УЧРАШУВИ
Олий таълим муассасасида таълим олаётган ёки уни битириш арафасида турган талабалар билан турли соҳа вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказиш ёшларнинг эртанги ҳаёти, маълум бир касб танлашида муҳим омил ҳисобланади. Айни жиҳатдан, Наманган давлат университетининг юридик факультети талабалари билан ўтказилган “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам эртанги фаолиятини суд идоралари билан боғлаш ниятидаги кўплаб йигит-қизларга ўзига хос мотивация бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов, Олий суд Кадрлар бошқармаси бошлиғи Музаффар Мухитдинов, вилоят суди раислари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда дастлаб кейинги йилларда судларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур жараёнларда тизим ходимлари учун етарли шароит ва имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилгани таъкидланди. Шу билан бирга юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамидагина судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишдек эзгу мақсадларга эришиш мумкинлиги айтиб ўтилди. Бу ўринда эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Наманган давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолангани, мазкур ҳужжатга асосан олийгоҳ талабаларининг суд тизимида махсус амалиётини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича “Бўлажак суд ходимлари” клуби жорий этилгани таъкидланди.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида олиб борилди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов соҳадаги ислоҳотларга тўхталиб, судьялик касбининг адолатни, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, келгусида мазкур тизимда фаолият олиб боришни истаган ёшлар мустаҳкам билим олишга интилиши, ўз устида ишлаши зарурлигига эътибор қаратди.
Бугунги кунда Наманган давлат университетининг юридик факултетида кундузги, кечки ва сиртқи таълим йўналишларида жами 800 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Албатта улар орасида суд-ҳуқуқ соҳасига қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Айни жиҳатдан, юзма-юз мулоқотда талаба-ёшлар қонунчилик ислоҳотлари, суд тизимидаги ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Йигит-қизларнинг саволларига ҳаётий мисоллар, амалиётда учрайдиган воқеа-ходисалар билан жавоб қайтарилгани бўлажак ҳуқуқшуносларни суд тизимига, судьяликка бўлган қизиқишини янада оширди.
Ёшлар – эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг эгаларидир. Шу жиҳатдан, уларни бугунги ислоҳотларга, юрт келажагига дахлдор этиб тарбиялаш, юксак марралар сари руҳлантириш – Ватан тараққиётига хизмат қилади. “Судья ва ёшлар” учрашуви ҳам айни жиҳатдан муҳим аҳамият касб этди.