ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ ДАХЛСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ
Давлатимиз томонидан хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Дарҳақиқат, юртимиз иқтисодиётини изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорларнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Авваллари тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳоллари мавжуд бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатларида бундай ҳоллар учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган эди.
Эндиликда мазкур омилларни инобатга олган ҳолда шу йилнинг 10 май куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Мазкур ҳужжатга асосан эндиликда тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлиги таъминланади. Тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркорларнинг банк ҳисоб варақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади.
Мазкур ҳаракатлар кўп миқдорда зарар келтирган бўлса ёки бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Шуниндек, ушбу ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қоплаган шахсларга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо чоралари қўлланилмайди.
Демак, мазкур қонун кучга кириши билан Янги Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларига қаратилаётган юксак эътибор иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш, уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш билан бир қаторда аҳоли фаровонлиги таъминланишига ҳам хизмат қилади.
Алижон Қаҳрамонов,
жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг судьяси