ЎЗАРО ТАЖРИБА АЛМАШИЛДИ
Наманган вилояти судларида фаолият олиб борувчи ахборот коммуникация технологиялари мутахассислари ҳамда судья ёрдамчилари IT Park Наманган вилояти филиалида бўлиб, ўзаро тажриба алмашдилар.

Бугун Президентимиз томонидан барча соҳаларни рақамлаштириш, давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам “Рақамли суд” концепциясини кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этди.

АйТи-паркда бўлган суд ходимлари дастлаб бу ердаги шарт-шароитлар, Ай-Ти компанияларининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, соҳа мутахассислари иштирокида мулоқот ташкил этилди. Унда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, уларнинг ривожланиши, бугунги кунда кенг татбиқ этилаётган йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Суд ходимлари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва саволлар уларнинг ушбу соҳадаги билимларини бойитишга хизмат қилди.






