ҚАДРДОН МАСКАНГА ТАШРИФ
Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов Чортоқ туманидаги ўзи ўқиган мактабларга ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар билан учрашди.
Дастлаб 11-сонли умумтаълим мактабида бўлган вилоят суди раиси таълим муассасасида ўтган ўқувчилик йилларини эслаб, билим берган Устозларини, синфдошларини ёдга олди. Ўша пайтлардаги шароитлару бугунги ёшларга, таълим-тарбияга берилаётган эътибор хусусида фикр билдириб, юртимизда ўқийман деган ҳар бир ёш учун барча имкониятлар етарли эканини таъкидлади. Бунинг учун эса билим олишга бефарқ бўлмаслик, кўп китоб ўқиш кераклигини айтиб ўтди. Мактаб жамоасига Наманган вилояти суди томонидан нашр этилган судлар тарихига бағишланган “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом ҳамда бадиий адабиётлар тўплами совға қилинди. Таълим-тарбия соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчиларга вилоят судининг ташаккурномалари топширилди. Энг асосийси, вилоят суди раисининг ташаббуси билан тез кунларда мактаб ҳовлисини ободонлаштириш ва тадбирлар ўтказиладиган майдончани асфалтлаш бўйича режалар белгилаб олинди.
Кейинги манзил вилоят суди раиси бошланғич таълим олган 49-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Қадрдон синфдошлар, мактаб жамоаси ва ўқувчилар жам бўлган учрашув, интилганга ҳамиша толе ёр эканлигининг амалий ифодаси бўлди. Боиси, бундан 53 йил олдин айни шу мактабда илк бор ўқиш-ёзишни ўрганган собиқ ўқувчи бугун нуфузли идораларда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётганини ёшлар ўз кўзлари билан кўрдилар. Вилоят суди раиси мазкур таълим даргоҳи жамоасига ҳам “Мозийга бир назар…” номли китоб-албом, бадиий адабиётлар тўплами ва замонавий телевизор совға қилди. Фаол ўқитувчиларга эса ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг вилоят суди раиси мактабнинг 9-синф ўқувчиларига “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида “Мустақиллик дарслари”ни ўтиб берди.