АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар клуби фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у орқали аёл судьяларни бирлаштириш ва уларга мулоқот майдонини ташкил этиш имкониятлари яратилган.

Бугун Судьялар олий мактабида мазкур клубнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа шаклида барча ҳудудларга уланган тадбирда Судьялар клуби томонидан амалга оширилаётган ишлар, аёл судьялар фаолияти, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар ҳақида сўз борди.


Тадбирда одил судловни амалга ошириш, судларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш, ёш судья кадрларни етиштиришдаги улкан хизматлари учун устоз судьялар ҳамда судьяларнинг ота-оналари Судьялар олий кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик қўл соатлари билан тақдирландилар.

Хусусан, мазкур эътирофга Наманган вилоятидан айни пайтда Андижон вилояти фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг судьяси бўлиб фаолият олиб бораётган наманганлик Муҳайё Дедамирзаеванинг онаси Ойшахон Аҳмадалиева ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг раиси Иқболхон Кўчкинова лойиқ кўрилдилар. Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов мукофотланганларни муборакбод этиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик қўл соатини топширди.

Бу каби эътибор судьяларнинг ўз вазифаларига бўлган масъулиятларини янада ошириб, самарали фаолиятларида муносиб рағбат бўлади.