АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ЭЪТИБОРДА

“Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим”. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ушбу фикрлар бугун суд идоралари фаолиятида ўзининг яққол тасдиғини топяпти.
Наманган вилояти судлари томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар натижасида аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Норин туманидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган бу галги қабулларда ҳам аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқилди.
Сайёр қабулда иштирок этган Наманган вилояти суди раиси Абдурасул Эранов, вилоят маъмурий судининг раиси Зарифахон Қурбонова ҳамда туман-шаҳар судларининг раис ва судьялари фуқароларнинг турли масалалардаги мурожаатларини ўргандилар.
Норинлик Мавлоно Абдуллаев сайёр қабулга бир муаммо билан келди. Унинг таъкидлаши ва Наманган вилоят суди раисига тақдим қилган ҳужжатларига кўра яшаш хонадонини вақтида кадастр рўйхатидан ўтказмаганлиги боис унга нисбатан агентлик ходимлари томонидан 3.000.000 сўм жарима белгиланган. Ҳозирда ушбу пулларни тўлашга имкони йўқлиги, шу боис жаримани камайтириб бериш бўйича амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат жойида ҳал этилиб, тайинланган 3.000.000 сўм жарима пули ўн баробарга, яъни 300.000 сўмга камайтириб берилди. Шунингдек, сайёр қабулда жазодан шартли озод қилиш, фуқаролик низоси, автотранспорт воситаси ҳужжатларини олиш, алимент ундириш каби ўнга яқин муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Бугун суд идоралари фаолиятида асосий эътибор фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш масаласига қаратилмоқда. Бу жойларда тизимли равишда ўтказилаётган сайёр қабуллар мисолида ҳам ўз ифодасини топяпти. Маъулумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган 9 ойида Наманган вилоят судларига жами 6567 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2689 таси қаноатлантирилган. 3673 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.


Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими