ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Наманган вилояти юридик техникумида тадбир ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 2023 йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш белгиланган бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан ташкил этилган ушбу тадбир мазкур ҳафталикка бағишланди.

Тадбирда иштирок этган Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев мамлакатимиз Президентининг мазкур қарори мазмун-моҳияти, унда белгиланган муҳим вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Қарорга асосан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши таъкидланди.

Шунингдек, 2023 йил 1 июндан бошлаб Марказ томонидан ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилиши, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилиши белгиланди.

Мазкур қарорда кўрсатиб ўтилган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаши таъкидлаб ўтилди.

Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.