ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ – ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТ ОМИЛИ

“Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасида жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди томонидан тумандаги таълим муассасаларида тадбир ташкил этилди. Ёшлар билан ўтказилган учрашувлар “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусига бағишланди. Мулоқотларда “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари”, “Инсон қадри учун” мавзуларида сўз юритилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар аҳоли манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимидаги “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш борасидаги вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, давлатимиз раҳбаринг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти, ундаги муҳим йўналишлар, одил судловни таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, ушбу ҳужжат билан 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқлангани, Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгилангани алоҳида таъкидланди.

Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Шуҳратжон Содиқов,

жиноят ишлари бўйича

Мингбулоқ туман суди раиси

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ва судьялари томонидан Наманган давлат университетида очиқ мулоқот ўтказилди.


Унда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳамда «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони Фармони мазмун-моҳияти юзасидан талабаларга тушунтиришлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва “Йўл харитаси”  тасдиқланди.


Қарорга асосан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”,  “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши белгиланди.

Тадбирда мамлакатимиз Президентининг мазкур қарорига асосан шу кунларда республикамиз миқёсида “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилаётгани, мазкур ҳафталик доирасида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари хусусида сўз борди. Наманган вилояти судининг судьялари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган “Судья ва ёшлар” учрашувлари, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусидаги мулоқотлар ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.  


Бундан ташқари, тадбир давомида мамлакатимиз Президентининг 2023 йил 16 январдаги «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларининг мазмун-моҳияти юзасидан талабаларга атрофлича тушунтиришлар берилди.


Тўхтамурод Ражабов,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИГА КЎМАК

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, қулай меҳнат шароитларини яратиш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятлар етарли. Бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар мавжуд. 2023 йилни – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Бу йил қиш мавсумида хаво ҳарорати кескин совиб, бир оз инжиқроқ келганлиги ҳаммамизга маълум. Бунда бир қатор қийинчиликлар бўлганлиги ҳам табиий. Шу боис Президентимизнинг 2023 йил 3 февралдаги “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Унга кўра, солиқ қўмитаси солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни 5 кунгача муддатда кўриб чиқади. Бунда, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши даврида тўлиқ қувватда ишлай олмаган солиқ тўловчиларнинг январь ойи якуни бўйича ҳосил бўлган солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши, шунингдек, мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди. Тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатиб туриладиган бўлди.

Шунингдек, 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли бажарилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларига давлат буюртмачилари (шу жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар) томонидан жарима ва пенялар қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.

Энг асосийси, ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 2023 йил 1 апрелга қадар давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатиб турилиши белгиланди.

Банк соҳаси бўйича ҳам жорий қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг кредитлари бўйича 2023 йил январь – март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш, муддати ўтган кредитларига жарима санкциялари ва гаров таъминоти бўйича 2023 йил 1 апрелга қадар ундирув чораларини қўлламаслик, фаолияти узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан вақтинчалик пул оқимларидаги узилишларини қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилган қисқа муддатли (револьвер) кредит маҳсулотларини олдиндан маъқулланган (модул) қарорлар асосида таклиф этиш, носоз ҳолга келган асосий воситаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш, кредит бюроларида кредитлари бўйича тўловлар муддатининг узайтирилишини уларнинг кредит тарихи ва скоринг кўрсаткичларини текширишда инобатга олмаслик бўйича тегишли чоралар кўриш белгилаб қўйилди.

Янги қабул қилинаётган қарор ва фармонлар мамлакатда амалга оширилаётган ислохотларнинг моҳиятини ёритиб беради. Юқоридаги берилган имтиёзларнинг барчаси тадбиркор ва кичик бизнес субъектларига енгиллик яратиш, қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган.

Осимжон Садиков,

Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

НАМАНГАН ВИЛОЯТ СУДИ РАИСИ АДВОКАТЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Суд амалиётидан маълумки, ишни холисона кўришда, адолатни қарор топтиришда адвокатларнинг ўрни муҳим. Шундай экан, ҳимоячилар билан ваколат доирасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш суд жараёнида баъзан учрайдиган тушунарсиз ҳолатларнинг олдини олади. 

Айни жиҳатдан, Наманган вилоят судининг раиси Алишер Усманов  вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар билан учрашиб, очиқ мулоқот ўтказди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг Услубий маслаҳат кенгаши раиси, “Адвокат” журнали таҳрир ҳайъати раҳбари Баҳром Саломов, мазкур журналнинг бош муҳаррири Ойбек Мўминов, Адвокатлар палатаси Наманган вилоят худудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир Каримов ҳамда вилоятда фаолият кўрсатаётган 150 га яқин адвокатлар иштирок этдилар.

Мулоқотда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳавий тартиб-таомиллар ва қонунчиликдаги ўзгаришларни аҳолига тўғри етказишда адвокатларнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Ана шулардан келиб чиқиб, суд жараёнларида учраб турувчи айрим муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу борада адвокатлар дуч келаётган ва ўз навбатида одил судловни таъминлашга тўсиқ бўлаётган камчиликлар ҳам рўй-рост ўртага ташланди.

Наманган вилоят судининг раиси Алишер Усманов суд амалиётида адвокатлар билан юзага келаётган ана шундай муаммоларга алоҳида-алоҳида, атрофлича тўхталиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишлар бошланганини айтиб ўтди. Хусусан, айрим суд биноларида адвокатлар учун шароитлар яратилмагани, суд мажлисларининг белгиланган вақтда бошланмаслиги оғриқли нуқта эканини таъкидлаб, уларнинг сабабларини тушунтириб ўтди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинганини таъкидлади.

Шу билан бирга баъзида айрим адвокатларнинг ножўя ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари судни обрўсизлантириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлаётгани ҳам тилга олинди.

Очиқ, самимий, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мулоқот якунида мана шундай учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.

 

ХАЛҚНИ ЭМАС, ХАЛҚУМИНИ ЎЙЛАГАНЛАР

Юртимизда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бу орқали кўплаб фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда. Банкдан олинган кредитлар ҳисобига ўз бизнесини йўлга қўйиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган, бу орқали ҳам ўзига, ҳам жамиятга нафи тегаётган юртдошларимиз сони ортиб боряпти. Бу яхши албатта. Бироқ, айрим ҳолларда давлат томонидан аҳоли учун ажратилаётган кредит маблағларини талон-торож қилиш, ўзлаштириш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб турибдики, бу очиқдан-очиқ халқ мулкига кўз олайтириш, давлат бюджетини талаш ҳисобланади.  


1983 йилда Наманган туманида туғилган Жавоҳир Темиров (исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундай халқ учун ажратилган пулларни ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган кимсалардан бўлиб чиқди.

Давлат ташкилотида масъулиятли лавозимда ишлаш – халқ учун хизмат қилиш дегани. Аммо, Жавоҳир Темиров Марказий банкнинг Наманган вилоят бошқармасида мутахассис сифатида фаолият юритиб, халқни эмас, халқумини ўйлади. Бу эса алал-оқибат уни жиноятга етаклади.


Жавоҳир Темиров жиноий шериклари билан ўзаро тил бириктирган ҳолда, “Ҳар бир оила – тадбиркор“ Давлат дастури доирасида фуқароларга ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Хусусан, “Агро банк”нинг Тўрақўрғон филиалидан асаларичилик йўналиши бўйича фуқаро Г.Юсуповага ажратилган 26 млн. сўм ҳамда фуқаро А.Нуриевга ажратилган 25.5 млн. сўм пулларни жиноий шериги Жобир Сиддиқов раҳбарлигида ташкил этилган масъулияти чекланган жамият ҳисоб рақамига тушириб олади.


Яна бир ҳолатда эса “Агро банк”нинг Тўрақўрғон филиалидан иссиқхона қуриш йўналиши бўйича фуқаро С.Махмудовга ажратилган 26 млн. сўм ҳамда фуқаро И.Хабибуллаевага ажратилган 26 млн сўм миқдоридаги кредит маблағларини яна бир масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига тушириб, жиноий шериклари билан бирга пулларни ишлатиб юборади. Содир этган жиноятларини яшириш ва жавобгарликдан қочиш мақсадида эса фуқароларга маҳсулотлар етказиб берилганлиги юзасидан расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, банк филиалига тақдим этади.


Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас. Мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда қайта-қайта қинғир ишларга қўл урган Жавоҳир Темиров кўза кунда эмас, кунида синишини эсидан чиқариб қўйган эди. Аммо, ҳар қандай жиноий иш кун келиб фош бўлиши ва унга жазо муқаррарлиги бор гап. Айни жиҳатдан судда давлат бюджетидан ажратилган халқ пулларига хиёнат қилган Жавоҳир Темиров ҳамда унинг жиноий шериклари қилмиши атрофлича кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, жиноятчиларнинг айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги ҳамда етказилган зарар қопланганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди.


Шу ўринда бир мулоҳаза. Маълум бир касб-корга эга бўлиб, қайсидир давлат ташкилотида масъул лавозимда фаолият олиб бориш учун инсондан йиллар, машаққатли меҳнат талаб қилинади. Зеро, малакали кадр, етук мутахассис бўлишнинг ўзи осон иш эмас. Бироқ, минг афсуски, йиллар давомида қилган меҳнатлари эвазига ана шундай даражага етган айрим кимсаларнинг жиноятга қўл уриб, элу юрт олдида шарманда бўлаётгани таажубланарли. Мақолада келтирилган ҳолат ҳам фикримизга яққол мисол.  

Шуҳратжон Қурбонов,

Наманган вилояти судининг судьяси

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Наманган вилояти юридик техникумида тадбир ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида 2023 йилнинг февраль ойида мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталигини ўтказиш белгиланган бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан ташкил этилган ушбу тадбир мазкур ҳафталикка бағишланди.

Тадбирда иштирок этган Наманган вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев мамлакатимиз Президентининг мазкур қарори мазмун-моҳияти, унда белгиланган муҳим вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Қарорга асосан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши таъкидланди.

Шунингдек, 2023 йил 1 июндан бошлаб Марказ томонидан ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилиши, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилиши белгиланди.

Мазкур қарорда кўрсатиб ўтилган ҳар бир йўналишдаги ишларни амалга оширилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаши таъкидлаб ўтилди.

Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Наманган туманлараро маъмурий суди томонидан Наманган юридик техникумида тадбир ташкил этилди. Ўқув муассасасининг ўқувчи-ёшлари билан бўлиб ўтган мулоқотда давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 16 январь куни қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Тадбирда иштирок этган Наманган туманлараро маъмурий судининг судьялари Бибихон Акбарова, Сойибжон Рахимов Президант фармонида белгиланган муҳим йўналишлар, одил судловни таъминлаш борасидаги асосий вазифаларга тўхталиб ўтдилар. Хусусан, ушбу ҳужжат билан 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқлангани, Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгилангани алоҳида таъкидланди.

Фармон билан суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси такомиллаштирилиб, Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ҳамда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Тадбирда шунингдек, “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида ҳам фикр-мулоҳазалар юритилди.

Очиқ, самимий руҳда кечган мулоқотларда ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан батафсил жавоб олдилар.

Озодбек Зиёвиддинов,

Наманган туманлараро

маъмурий судининг раиси

“СУДЬЯ ВА ЁШЛАР” УЧРАШУВИ

Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар моҳиятини тарғиб қилиш бўйича ёшлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Айни жиҳатдан фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро суди томонидан Наманган шаҳридаги Президент мактабида “Судья ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.

2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Президент мактаби ўқувчиларига судьялар томонидан суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 16 январь куни қабул қилинган «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ва «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Албатта, Президент мактаби ўқувчилари орасида келгусида суд тизимида фаолият олиб бориб, адолатли судья бўлишни мақсад қилган ёшлар ҳам топилади. Айни жиҳатдан самимий мулоқотларда судьялик касби, унинг масъулияти ҳақида ҳам сўз борди. Ўз ўрнида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, судьялардан батафсил жавоб олдилар.


Санобар Тўрабаева,

фуқаролик ишлари бўйча Учқўрғон туманлараро суди судьяси

Суд-ҳуқуқ ислоҳоти: “Инсон қадри учун”

 

Давлат ва жамият ривожида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши самарали курашиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда барча соҳалар қатори бу йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда одил судловни таъминлаш, суд идорасига келган ҳар бир инсонинг муаммосига адолатли ечим топишга эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 16 январь куни Президентимиз томонидан қабул қилинган “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлар 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишда муҳим қадам бўлди.  
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури тасдиқланди. Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш белгиланди. Бу нима дегани?  
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқ манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиб, юртимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишини белгилаб берди. Мазкур тамойил бугун барча соҳаларда ўз тасдиғини топиб, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. йни жиҳатдан, мазкур фармон билан адолатли суд тизимини шакллантириш судларда халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилиш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.  
Бу икки муҳим ҳужжат билан суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш белгилаб қўйилди.
Фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди. Бу бежиз эмас, албатта. Айрим ҳолатларда суд томонидан чиқарилган қарордан норози бўлиб, турли кўринишда тазйиқ ўтказиш, суд чақирувига кўра суд процессларига қасддан келмаслик, судьяни жамоатчилик олдида обрўсизлантириш ҳолатлари учраб турибди.  
Ҳужжатлар Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги муҳим қадам бўлди.  
 
Алишер Усмонов,
Наманган вилояти судининг раиси

Skip to content