ЖИНОЯТЧИЛИК МУҲОКАМАСИ

Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан жиноятчилик ошган маҳаллаларда аҳоли вакиллари билан учрашув-мулоқотлар ўтказилмоқда.

Жиноят ишлари бўйичча Наманган шаҳар, Чортоқ, Тўрақўрғон, Мингбулоқ туман судлари томонидан ўтказилган ана шундай муҳокамаларда фуқаролар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иштирокида ҳудудда энг кўп содир этилаётган безорилик, ўғирлик, фирибгарлик каби жиноятлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, маҳаллаларда сайёр суд мажлислари ҳам ташкил этилиб, ички ишлар идораларининг пробация гуруҳи ҳисобида турган шахсларнинг ишлари кўриб чиқилди.

ЯРИМ ЙИЛЛИК ФАОЛИЯТ САРҲИСОБИ

Наманган вилояти маъмурий судида вилоят судлари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярми мобайнида одил судловни таъминлаш, бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этган матбуот анжуманида Наманган вилояти судининг жиноят, фуқаролик, иқтисодий судлари ҳамда вилоят маъмурий суди томонидан шу йилнинг ўтган 6 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди. Бу бўйича журналист ва блогерларга суд раиси ва ўринбосарлари батафсил маълумот бердилар. 

Таҳлиллар, талқинлар, тафсилотларда вилоятдаги суд идоралари томонидан 2023 йилнинг биринчи ярми давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар очиқланди. Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, ҳуқуқий тарғибот жараёнлари ҳақида сўз юритилди. Бугунги кунда судларни чинакам “Адолат қўрғони”га айлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусида фикр алмашилди.  

Оммавий ахборот воситалари вакиллари матбуот анжуманида фуқаролларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган  саволларига батафсил жавоблар олдилар.

Наманган вилояти судининг

жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

САЙЁР СУД

Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.


Ички ишлар идоралари ходимлари иштирокида ўтказилган сайёр судда жами 20 та маъмурий-ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг 7 таси тарафларнинг ўзаро ярашганлиги муносабати билан ярашув билан тугатилди. 13 таси бўйича ҳуқуқбузарларга тегишли жазолар тайинланди.

Сайёр суд мажлисида шунингдек, жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ички ишлар идораларининг жазодан муддатидан олдин шартли озод қилиш бўйича тақдимномалари кўриб чиқилиб, 5 нафар назорат остидаги шахс муддатидан олдин шартли озод қилинди. 1 нафар шахснинг жазоси бошқа жазо турига алмаштирилди.


ОАВ ХОДИМЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Мамлакатимизда 1993 йилдан буён нишонланиб келинаётган мазкур сана журналистлар, матбуот вакиллари, ижод аҳлига кўрасатилган эътиборнинг яққол тасдиғидир.

Сана муносабати билан Наманган вилоят судида байрам тадбири ташкил этилди. Унга вилоят, республикадаги етакчи оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борувчи журналистлар, соҳа фидойилари таклиф этилдилар.

Тадбирда Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов қатнашиб, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан муборакбод этди. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситаларига, сўз эркинлиги, очиқлик сиёсатига эътибор кучайганини, буни бугунги кунда республикамизда 2 мингга яқин оммавий ахборот воситалари фаолият олиб бораётганида ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлади.

Тадбирда сўз олган журналистлар Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди билан олиб бораётган ўзаро ҳамкорликлари хусусида гапириб, мазкур жараёнларда янада фаол ва ташаббускор бўлишларини айтиб ўтдилар.

Шундан сўнг, Наманган вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, суд-ҳуқуқ соҳасини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишга ўз ҳиссасини қўшган журналистларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.


АЛИМЕНТ ОЛУВЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН БИЛАН МУСТАҲКАМЛАНГАН

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.


Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларида вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.


Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида алимент тўлаш билан боғлиқ бўлган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш болалар манфаатлари ҳимоясининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.


Қонунга мувофиқ, вояга етмаган, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент тарафларнинг келишувига кўра ихтиёрий тартибда, шунингдек, суд тартибида ундирилади.


Алимент ота-онанинг бирининг аризаси ёки даъвоси билан, агар бошқа ота (она) вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини бажармаган ҳолатларда суд тартибида (суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарори билан) ундирилади.


Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда, шунингдек, алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилмаган ҳолларда, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан алимент ундириш ҳақидаги даъво билан вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола мурожаат қилишга ҳақли. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она) ва бола алоҳида яшаган ҳолларда, вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлган бола ота ёки онасига ёхуд ота-онасининг ҳар икковига нисбатан даъво тақдим қилиши ҳуқуқига эга.


Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ота-онанинг бирининг даъвоси билан суднинг ҳал қилув қарорига асосан ундирилади.


Алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво ариза ҳам судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгарнинг яшаш жойи бўйича берилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 34-моддаси 3-қисмига мувофиқ, аризачи ёки даъвогар яшаб турган жойда ҳам тақдим этилиши мумкин.


Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза, шунингдек, вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болалар таъминоти учун алимент ундириш ҳақида даъво ариза берганлик учун давлат божи Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 8-моддаси 2-банди, шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 174-моддаси биринчи қисмига мувофиқ ундирилмайди.


Оила кодексининг 99-моддасига мувофиқ вояга етмаган болаларга алимент ундиришда алимент миқдорини ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг муайян (1/4, 1/3, 1/2) қисми миқдорида белгиланади.


Оила кодексининг 100-моддасида ота-онанинг вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаши белгиланган. Судлар алимент ундиришда боланинг меҳнатга лаёқатлилигини йўқотилганлик даражаси ва унинг ҳақиқатдан ёрдамга муҳтож эканлигини, тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини эътиборга олишлари лозим.


Боланинг таъминоти учун қўшимча харажатларни ундириш масаласини ҳал этишда, судлар Оила кодексининг 103-моддасида қайд этилган қўшимча харажат қандай фавқулодда ҳолатлар (болаларнинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар)да келиб чиққанлигини ҳамда бу бола таъминоти учун зарурлигини кўрсатиши ва уларнинг оилавий ва (ёки) моддий аҳволини ҳисобга олиб, қисман пул билан тўланадиган қўшимча харажатларнинг қатъий миқдорини аниқлаши лозим.


Алимент тўлаш тўғрисида келишув бажарилмаган, алимент бўйича қарз вужудга келган тақдирда эса, алимент ундирувчи банк фоизларини ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат этишга ҳақли.


Оила кодексининг 144-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонун ҳужжатларида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади.


Хулоса қиладиган бўлсак, мамлакатимизда алимент олувчининг ҳуқуқлари ҳар томонлама қонун билан мустаҳкамланган.


Фурқатали Аҳмедов,

Наманган вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси


ҲУҚУҚИЙ ТАРҒИБОТ ТАДБИРЛАРИ

Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Намнган шаҳрининг “Алпомиш”, “Соҳибкор”, “Сардоба”  ва “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Никоҳдан ажралиш ҳолатларини ҳамда оилада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш”, “Хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик ва бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чоралари” мавзуларида, шунингдек, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш юзасидан ҳуқуқий тадбирлар ўтказилди.


Учрашув-мулоқотларда судьялар томонидан мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли асраш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга тўхталиб ўтилди. Бунда айниқса “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги аёллар ва болаларни ҳимоя қилишнинг янги механизми йўлга қўйилгани таъкидланди.


Тадбирда вилоят суди томонидан ишлаб чиқилган “Қонунсиз никоҳ ва унинг салбий оқибатлари”, “Никоҳ шартномасининг мазмун ва моҳияти”, “Оиладаги зўравонликларнинг олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш” ҳақидаги амалий  услубий қўлланмалар иштирокчиларга тарқатилди.


Алишер Қўчқаров,

Наманган вилоят судининг фуқаролик

ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Халқимизнинг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, уларни келажак авлодларга қолдириш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шу боис ҳам бу борада ҳукуматимиз томонидан тегишли қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тарихий-маданий қимматга эга бўлган ёдгорликларни сақлаш давлат назоратига олинмоқда.


Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам юртимиздаги археологик ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳу обидаларни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, мазкур ҳужжат билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш, уларга шикаст етказиш бўйича тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилган.


Бироқ, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай маданий мерос объектларига зарар етказиш ҳолатлари, афсуски, учраб турибди.


Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг шу давригача 5 та ҳолатда маданий мерос соҳасига доир жиноят ишлари кўрилган бўлиб, уларда жами 157,4 млрд. сўм зарар етказилгани аниқланган.


Жумладан, 2023 йилнинг 3 март куни жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Норин-Сирдарё ирригация тизимлари хавза бошқармаси ҳузуридаги насос-станциялари ва энергетика бошқармаси ходимлари Ж.У. ҳамда А.Ю.га оид жиоят иши кўриб чиқилган. Иш бўйича тўпланган ҳужжатларга кўра, Янгиқўрғон тумани, “Навкент” МФЙ, “Шўрқўл” кўчасида жойлашган “Ўрдатепа” археология ёдгорлиги Наманган вилояти ҳокими ҳамда Янгиқўрғон туман ҳокимининг тегишли қарорлари билан моддий маданий мерос ёдгорликларини сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси балансига ўтказиб берилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарорига асосан археология ёдгорлиги сифатида миллий рўйхатга киритилган бўлса-да, судланувчи Ж.У ва А.Ю Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигидан тегишли рухсатнома олмасдан ёки туман ҳокимининг ер бериш тўғрисидаги қарорисиз, ўзбошимчалик билан уй-жой иморатлари қуриб ва дарахт экиб, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектини қасддан нобуд қилишган. Суд Ж.Ув ва А.Ю.ни Ўзбекистон Республикаси эски таҳрирдаги ЖКнинг 132-моддаси 2-қисми ва амалдаги ЖКнинг 229-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, уларга нисбатан тегишли жазо тайинлади. Шунингдек, судланувчи Ж.У.дан Наманган вилоят маданий мерос бошқармаси фойдасига 36.960.000.000 сўм, А.Ю.дан 31.920.000.000 сўм моддий зарар ундириш белгиланди.


Бу каби маданий мерос объектларига зарар етказиш, уларни қасддан нобуд қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари Уйчи, Норин туманларида ҳам кўриб чиқилиб, давлат муҳофазасига олинган ёдгорликларга зиён етказган шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Шунингдек, суд ҳукми билан жами 77 млрд сўмга яқин маблағлар давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.


Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодларга етказишдан иборат.


  • Наманган вилоят судининг
  • жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Skip to content