СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САРҲИСОБИ

Наманган вилояти судида вилоят судларининг 2023 йилдаги фаолият якунлари ҳамда одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этган анжуманда Наманган вилояти суди ҳамда вилоят маъмурий суди раислари томонидан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар, 2023 йил давомида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида ахборотлар очиқланди.

Наманган вилояти суди раиси Алишер Усманов сўнгги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларига тўхталар экан, 2016-2023 йиллар давомида мазкур йўналишда 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани, бу ўз навбатида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этганини таъкидлади. Вилоят маъмурий суди раиси Зарипахон Қурбонова мазкур ислоҳотларда маъмурий судларнинг ўрни, тизимдаги янги ўзгартиришлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, одил судловни таъминлаш, қонунийлик ва адолат барқарорлигига эришиш борасида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Уларнинг савол, таклиф, фикр-мулоҳазаларига суд раислари ва судьялар батафсил жавоблар беришди.

Жараён аниқ далиллар, фаолиятга оид таҳлилий маълумотлар, одиллик ва шаффофликни таъминлашда эътибор қаратилаётган жиҳатларга оид масалалар билан қизғин ўтди.

Наманган вилояти судининг
жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими