ЭЪТИБОР ВА РАҒБАТ ФАОЛЛИККА УНДАЙДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг раиси Соҳибахон Йўлчиева Наманган вилояти судига бу гал оиласи билан ташриф буюрди. Боиси, унинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти Судьялар Олий кенгаши томонидан эътироф этилиб, “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди.

Шу муносабат билан Судьялар Олий кенгаши томонидан ўтказилган тақдирлаш маросими барча ҳудудларга видеоконференцалоқа тарзида уланиб, “Ибратли судья” деб топилган суд тизими фидойиларига мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тақдирлаш маросимида вилоят суди раиси Алишер Усманов давлатимиз раҳбарининг Фармонига асосан жорий этилган мазкур мукофот адолат ва ҳақиқат йўлида фаолият олиб бораётган судьяларга рағбат ўлароқ, одил судловни қарор топтиришда юксак масъулият эканлигини таъкидлади.

Тадбирда шунингдек, Судьялар Олий кенгашининг қарори билан судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги 10 йиллик муддатига тайинланган фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг раиси Тожиддин Мадраҳимов ҳамда жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг раиси Бахтиёр Обидов, янги лавозимга тайинланган судьялар Абдурасул Муҳиддинов, Бахтиёр Олимжоновнинг келгусидаги фаолиятларига муваффақият тиланди. Маросимга таклиф этилган судьяларнинг ота-оналари, оила-аъзоларига вилоят суди раиси томонидан миннатдорчилик билдирилди.

Тадбирда сўз олган судьялар кўрсатилган бундай эътибор ва рағбатдан хурсанд эканликларини айтиб, фаолиятлари давомида одил судловни таъминлашга, фуқароларнинг суд идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳалол ва виждонан, сидқидилдан ҳаракат қилишга ваъда бердилар.