АДОЛАТ ВА МАЪНАВИЯТ – ЭГИЗ ТУШУНЧА

Адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари судьялар билан бўлиб ўтган учрашувларидан бирида маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаган эдилар.

Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавият ва маърифат тадбирларида мамлакатимиз Президентининг ушбу фикрлари ўз ифодасини топди.

Судьялар ва суд тизими ходимларининг маънавиятини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирларнинг бу галгиси Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуасидан бошланди. Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судья ва ходимлар Ибрат ҳайкали олдида тўпланиб, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган чиқишларни томоша қилдилар. Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда бир вақтнинг ўзида учта йўналиш бўйича тадбирларда иштирок этдилар.

Жумладан, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судьялар ва ёшлар вакиллари иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбирда суд фахрийлари босиб ўтган ҳаёт йўллари, бой тажрибалари ҳақида ёшларга сўзлаб бердилар. Фаолиятлари давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни ёдга олдилар. Тадбир бугунги кунда суд идораларида фаолият олиб бораётган ёшлар ва эртанги истиқболини айни соҳада кўришни истаётган талабаларнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари билан янада қизғин ўтди.

Иккинчи йўналиш бўйича ташкил этилган Ибрат ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавият дарсида ибратшунос олим Тоҳиржон Қозоқов, маърифтпарвар ватандошимизнинг авлодларидан Икромжон Содиқов суд ходимлари ва ўқувчи-ёшларга алломанинг ҳаёт йўли, ёзган асарлари, тилшунослик, матбаачиликда эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб бердилар. Мазкур таълим муассасасида билим олаётган ҳар бир ёш буюк аждодимизга мос авлод бўлиши лозимлиги таъкидланди. Суд ходимлари ва ўқувчиларнинг Ибрат домла ҳақида берган саволлари учрашувни самимий ва жонли ўтишига ҳисса қўшди.

Маънавият ва маърифат тадбирларининг учинчи йўналиши Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги чет тиллари институтида бўлиб ўтди. Унда Наманган вилояти судининг судьялари олийгоҳ талабаларига янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, ундаги ўзгартиришлар бўйича Конституция дарсини ўтиб бердилар. “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асосидир”, деган ғоя асосида ташкил этилган дарсларда Бош Қомусимизга киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир талабага Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тарқатилиб, уларнинг асосий Қонунимизда белгилаган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилди.

Бир-бирига ҳамоҳанг тарзда ўтказилган тадбирлар якунида вилоят суди томонидан таълим муассасалари ва фахрий меҳмонларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

Шундан сўнг, маънавият ва маърифат тадбирлари иштирокчилари Ибрат музейига ташриф буюришди. Яқин тарихимизни ўзида мужассам этган муассасада судья ва суд ходимлари ўтмишдан сўзловчи экспонатлар билан танишдилар. Айниқса, музейда буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган буюмлари, суратлари, либосларининг мавжудлиги барчада катта таассурот қолдирди.

Наманган туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган замин сифатида ном қозонган. Ахсикент ёдгорлиги ана шундай қадим тамаддунлар туташган маскандир. Суд тизими ходимлари мазкур мажмуада бўлиб, бу ерда ташкил этилган очиқ осмон остидаги музейни кўздан кечирдилар. Қадимга Ахсикент шаҳристони қолдиқлари, у ердан чиққан осори-атиқалар билан танишиб, аждодларимиз томонидан бунёд этилган меъморчилик анъаналарининг гувоҳига айландилар.

Жамиятда юксак маънавий фазилатларни камол топтиришга бой маданий мерос, миллий ва тарихий анъаналар, умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан эришилади. Айни жиҳатдан, Наманган вилояти суди томонидан ташкил этилган маънавият ва маърифат тадбирлари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифатли жамият концепциясининг амалий ифодаси бўлди.