ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ўтказиладиган муҳокамаларнинг ўрни муҳим. Ана шу жиҳатдан Наманган вилоят жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2021-2022 йилларда айрим турдаги жиноят ишларини кўриш амалиёти умумлаштириб чиқилганда, вилоятимиздаги ижтимоий соҳаларда жиноятчилик ошгани маълум бўлди. Шу боис жойларда муҳокама-йиғилишлари ўтказилди.

Наманган давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари иштирок этиб, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабалар билан учрашдилар.

Тадбирда талаба-ёшлар ўртасида учраётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўтган йил давомида мазкур олийгоҳ талабалари ўртасида безорилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани, бунга эса айрим талабаларнинг жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, турли жанжалларга аралашиб қолаётгани сабаб бўлмоқда. Муҳокамаларда иштирок этган Наманган вилоят судининг судьялари ана шундай талабаларни мисол келтириб, уларга жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазо тайинлаганини, бу эса вилоятимиздаги нуфузли олий таълим муассасаси учун салбий ҳолат эканини таъкидладилар.

Муҳокамаларда шунингдек, талабаларнинг жиноятга қўл уришига сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди. Бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар ташкил қилиш лозимлиги белгилаб олинди.

Айни шу каби муҳокама-йиғилиши Наманган вилояти оила ва хотин-қизлар бошқармасида ҳам бўлиб ўтди. Хотин-қизлар ўртасида содир этилган жиноятчилик таҳлиллари ва уларни олдини олишга қаратилган тадбирда Наманган вилояти судининг судьялари томонидан 2022 йил давомида хотин-қизлар ўртасида талончилик билан боғлиқ жиноятлар ошгани айтиб ўтилди. Бунга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниб, жиноятчилик ошган ҳудуд масъулларига тушунтиришлар берилди.

Марказий банкнинг Наманган вилояти бошқармасида бўлиб ўтган ана шундай мулоқотларда Наманган вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари иштирок этиб, молия институтларининг ҳуқуқшунос ва кредит билан боғлиқ амалиётда иштирок этувчи мутахассисларига банк соҳаси билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича айблов ҳукми чиқарилган ҳолатлар юзасидан батафсил тушунча бердилар.

Муҳокамалар якунида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олинди.