РЕФЕРЕНДУМ ҚОНУНЧИЛИГИ ВА АМАЛИЁТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий  қонун лойиҳаси қабул қилинди ҳамда 2023 йилнинг 14 март куни Сенат мазкур қонунни ва уни жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилиши белгиланган умумхалқ референдумига қўйишни маъқуллади.

Ўзбекистон Республикасининг Референдуми — давлат ва ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва қарорларни қабул қилиш, уларни ўзгартириш, жамоатчилик фикрини аниқлаш мақсадида умумхалқ овоз бериши бўлиб, халқ ҳокимиятини бевосита амалга ошириш воситасидир.

Референдумда қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум ўтказиш йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари референдумда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган руҳий касал фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ёхуд жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартибда олдини олиш чораси қўлланган — ҳибсда ушлаб турилган шахслар референдумда қатнашмайдилар.

Келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи ва миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, сиёсий ва ўзга қарашлари, муайян жойда қанча яшаётганлиги, машғулот тури ва характерига қараб фуқароларнинг референдумда қатнашиш ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ман этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда ихтиёрий тарзда бевосита иштирок этадилар.

Референдумда овоз бериш яширин ўтказилади, фуқароларнинг ўз хоҳиш иродаларини изҳор этишларини назорат қилишга йўл қўйилмайди

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари референдумда тенг асосларда иштирок этадилар. Ҳар бир фуқаро шахсан овоз беради ва бир овозга эга бўлади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш давомида кенг ошкоралик, жамоатчиликнинг иштироки таъминланади.

Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, оммавий ҳаракатлар, референдумни ташкил этишда ва уни ўтказишда қатнашаётган давлат ва жамоат идоралари ўз фаолиятларини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ҳаракатлар, меҳнат жамоалари ва фуқароларга референдумга киритилажак масалани ёқлаб ёки унга қарши бемалол ташвиқот юргизиш ҳуқуқи кафолатланади.

Овоз бериладиган кунда ташвиқот олиб бориш ман этилади.

Референдумга оид барча масалалар, шунингдек референдумга киритилажак қонун ёки ўзга қарорларнинг лойиҳалари тегишли идоралар томонидан қабул қилинганидан кейин етти кун мобайнида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Оммавий ахборот воситалари референдумни тайёрлаш қандай бораётганини ва унинг ўтишини ёритиб турадилар, уларнинг вакилларига референдум билан боғлиқ бўлган барча йиғилишлар ва мажлисларга бемалол кириш ва тегишли ахборотни олиш кафолатланади.

Референдум комиссиялари ўзларининг таркиби, манзилгоҳи ва иш вақтидан, овоз бериш участкаларининг ташкил этилганлигидан ва референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг рўйхатидан аҳолини ўз вақтида воқиф қилади.

Референдумни тайёрлаш ва уни ўтказиш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг референдумда қатнашиш, ташвиқот юритиш ҳуқуқидан эркин фойдаланишларига зўравонлик билан, алдаш, таҳдид қилиш ёки ўзга йўл билан қаршилик қилувчи шахслар, шунингдек референдум ҳужжатларини сохталаштирган, овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаган, яширин овоз бериш принципини бузган ёки ушбу Қонунни ўзгача тарзда бузган референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзолари, давлат ва жамоат идораларининг мансабдор шахслари, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг вакиллари, ташаббускор гуруҳнинг аъзолари, имзо тўплаётган шахслар қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар. Референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоларига нисбатан ҳақоратловчи муносабатда бўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.

Янги Ўзбекистонимизни янада тараққий этишини, фуқароларимизни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини берувчи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум жорий йилнинг 30 апрель куни ўтказилади. Барча фуқароларимиз мазкур референдумда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Зеро, янгиланаётган Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Абдураҳмон Сафаев,

Наманган вилояти судининг

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси